Ўзбекистон бўйлаб аномал совуқ пайтида ҳам электр энергиясида чекловлар киритилади
Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетиши ҳақида хабар берилганди. Натижада Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди. Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида ҳам навбатдан ташқари таътил эълон қилинди.
Энергетика вазирлиги аномал совуқ пайтида ҳам электр энергияси ҳамда метан «заправка»ларда чекловлар киритилиши давом этишини маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳаво ҳароратининг айрим жойларда 27 даражагача совиб кетишига қарамасдан энерготизимда содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади. Шунингдек, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади ҳамда йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади.
Бундан ташқари, энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 миллион кВт-соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади. Шу билан бирга, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш мақсадида истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энергетика вазирлиги энерготизимда режали чекловлар киритилмаса Ўзбекистон жиддий талафот кўриши мумкинлигини айтгани, Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилгани, Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига метан газ қуйиш тақиқлангани ҳамда Тошкентдаги кўча чироқларини ўчириш бошлангач қанча электр энергияси тежалаётгани ҳақида хабар берилганди.