Тошкент вилоятида «Док-1 Макс» сиропидан 9 нафар бола заҳарлангани маълум бўлди
Тошкент вилоятида «Док-1 Макс» дори воситасини истеъмол қилган икки ёшли бола вафот этгани тўғрисида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг маълум қилишича, ҳозирги кунгача Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти филиалига «Док-1 Макс» сиропи истеъмоли оқибатида заҳарланиш белгилари билан 9 нафар бола олиб келинган. Улардан 5 нафари соғайиб, уйига қайтарилган, 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатда, уларга тегишли стандартлар асосида муолажалар давом эттирилмоқда.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида шу пайтгача «Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиш туфайли ўлим ҳолати кузатилмаган.
«Ҳозирда ҳудудлардаги барча дорихоналарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва туман-шаҳар тиббиёт бирлашмалари ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилиб, Қурамах компанияси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари йиғиштириб олинган. Аҳоли орасида дори-дармонларни шифокор кўрсатмасисиз, палапартиш истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари бўйича шифокор ва патронаж ҳамширалари томонидан уйма-уй юриб, тушунтириш олиб борилмоқда. Бу жараёнда хонадонлардаги шахсий дори қутилари ҳам кўздан кечирилмоқда», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: ССВнинг янги раҳбари Quramax’нинг барча дорилари савдосини тўхтатиш бўйича топшириқ берди
Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод туманида ҳам 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди.
Сирдарё вилояти ССБ бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсонованинг сўзларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дорилари етти нафар болага ножўя таъсир қилган. Уларнинг тўрт нафари соғайган, уч нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.