«Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситалари лаборатория синовларидан ўтказилмагани аниқланди
ДХХ томонидан «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан «Quramax Medical» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 1863-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмагани оқибатида сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.
Жиноят иши доирасида «Quramax Mediсal» МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходими ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖнинг 2 нафар масъул ходими гумонланувчи сифатида ДХХ тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида «Quramax Mediсal» МЧЖ томонидан Ҳиндистон давлатидан Ўзбекистонга импорт қилинаётган дори воситаларининг божхона назоратидан ўтказилиши тўхтатилиб, Ўзбекистон дорихоналаридаги бундай препаратлар йиғиб олинган. Ҳозирда бу борадаги тадбирлар давом эттирилаётгани таъкидланди.
«‘Quramax Mediсal’ МЧЖга тегишли дори воситаларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилгани ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Соғлиқни сақлаш вазири «Док-1 Макс»дан вафот этган болаларнинг ота-оналарига ҳамдардлик билдирди
Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод туманида ҳам 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди.
Сирдарё вилояти ССБ бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсонованинг сўзларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дорилари етти нафар болага ножўя таъсир қилган. Уларнинг тўрт нафари соғайган, уч нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.
