Коллеж ва техникумлар учун тўлов-контракт миқдори оширилмайдиган бўлди
Коллеж ва техникумларда 2022/2023 ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари ўзгаришсиз қолди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновацион ривожланиш вазирлиги хабар берди.
Давлат комиссиясининг тегишли қарори билан коллежлар ва техникумларда 2022/2023 ўқув йили учун барча босқичдаги ўқувчиларнинг тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорлари мос равишда 2021/2022 ўқув йили учун белгиланган миқдорларда сақланиб қолди.
Хусусан, 2022/2023 ўқув йилида коллеж ва техникумларда тўлов контракт миқдори қуйидагича:
- Соғлиқни сақлаш, Педагогика, Бизнес ва бошқарув, Санъат, Ижтимоий таъминот, Хизмат кўрсатиш, Журналистика ва ижтимоий ахборот — 4 685 400 сўм;
- Табиий фанлар, Транспорт, Муҳандислик иши, Алоқа ва ахборотлаштириш, телекоммуникация технологиялари, Компьютер технологиялари ва информатика ҳамда Гуманитар фанлар — 4 521 000 сўм;
- Қишлоқ хўжалиги ирригация ва мелиорацияси, Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги, Ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари, Архитектура ва қурилиш, Ҳаётий фаолият хавфсизлиги, Қишлоқ хўжалик техникаси, Ветеринария ва Атроф-муҳит муҳофазаси — 4 356 600 сўм.
Аввалроқ Ўзбекистонда контракт тўлаш муддати узайтирилгани, таълим муассаларида аномал совуқ сабаб қишки таътил муддати узайтирилгани ҳамда боғчаларда навбатдан ташқари таътил эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.