Путин Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашди. Россия президентининг мақсади нима?

Шавкат Мирзиёев 4 январь, чоршанба куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Фото: «РБК»

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, мулоқот давомида Ўзбекистон—Россия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиш суръати, шу жумладан, ўзаро товар айирбошлаш ортаётгани, икки мамлакатнинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма корхона ва кооперация лойиҳалари сони ошаётгани қайд этилган.

Мамлакатлар ҳудудлари ўртасидаги фаол мулоқотларни давом эттириш, шу мақсадда ҳар йили Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Иннопром. Марказий Осиё» халқаро кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон—Россия ҳудудлар форуми имкониятларини самарали ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, суҳбатда нефть-газ, энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон Президенти 2022 йилнинг 26-27 декабрь кунлари Санкт-Петербург шаҳрида ўтган МДҲ норасмий саммитининг самарали натижаларини юксак баҳолади.

Россия президенти Путин бундан бир кун олдин, 3 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали суҳбатлашганди. Ушбу суҳбатда ҳам давлат раҳбарлари бир қанча йўналишлар, жумладан, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилган.

«Шу муносабат билан икки давлат ҳукуматлари ва тегишли тузилмалари ўртасида мувофиқлаштиришни давом эттиришга келишиб олинди», дейилади Кремль хабарида.

Қозоғистон раҳбари матбуот хизматининг таъкидлашича, суҳбат Россия томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.

Россия—Ўзбекистон—Қозоғистон «уч томонлама газ иттифоқи» ҳақида

Қозоғистон президентлигига иккинчи муддатга қайта сайланган Қосим-Жўмарт Тўқаев 28 ноябрь, душанба куни биринчи расмий давлат ташрифини Россиядан бошлади. Ташриф чоғида Путин Тўқаевга Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «уч томонлама иттифоқи»ни яратиш, жумладан, газ соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифини билдирган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

«Ҳа, қўшимча мувофиқлаштириш ва ҳатто музокараларни талаб қиладиган масалалар бор. Гап, хусусан, газ соҳаси ҳақида кетмоқда. Аммо бу ерда биз ҳеч қандай масалани драмалаштирмаймиз. Мен Владимир Владимировичга айтдимки, муҳокама қилишни талаб қиладиган муаммолар бор, лекин ҳеч қандай драматизациясиз. Булар ишчи масалалардир», — деди Тўқаев Россия—Қозоғистон олий даражадаги музокаралари якунлари бўйича мамлакат бош вазири Михаил Мишустин билан учрашувда.

Қозоғистон президенти томонлар «тегишли келишувларга эришишига» ишонч билдирди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

«Бугун Владимир Владимирович қандайдир уч томонлама иттифоқ тузиш кераклигини айтди ва у Ўзбекистон Президенти (Шавкат Мирзиёев)га қўнғироқ қилмоқчи. Исталган натижалар ва келишувларга эришиш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам ушбу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак. Аслида, биз бунга тайёрмиз. Нега бўлмасин?» — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради «РИА Новости».

Орадан икки кун ўтиб, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди.

Унда савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, «истиқболли қўшма лойиҳаларни» амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

«Уларнинг барчаси 1-2 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида икки давлат ҳукумат раҳбарлари даражасида бўлиб ўтадиган қўшма комиссия йиғилишида моҳиятан кўриб чиқилади», дейилади хабарда.

Қозоғистон президентининг матбуот котиби Руслан Желдибай икки мамлакат президентларининг Кремлда бўлиб ўтган музокаралари чоғида Россия газини Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали ташиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида ‘уч томонлама газ иттифоқи’ни ташкил этиш ҳақида гап кетганини маълум қилди.

Фото: «ТАСС»

«ОАВдан давлат раҳбарининг Москвага ташрифи бўйича айрим саволлар келиб тушмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ва Россия президентларининг Кремлда бўлиб ўтган музокаралари чоғида Россия газини Қозоғистон ва Ўзбекистон орқали ташиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан иборат ‘уч томонлама газ иттифоқи’ни ташкил этиш ҳақида гап кетган эди. Президентлар Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Владимир Путин барча томонларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалага оқилона ечим топиш учун учта давлат экспертлари иштирокида музокаралар олиб бориш зарур деб ҳисоблайди», — дейди у.

2022 йил 9 ноябрь куни Путин Бишкекдаги ЕОИИ саммитида журналистлар саволларига жавоб бераркан, «уч томонлама газ иттифоқи»га ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Россиянинг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ иттифоқини яратиш масаласи ўзаро келишув ва муроса қарорларини талаб қилади.

Президент РФ Владимир Путин отвечает на вопросы журналистов на саммите стран - участниц Евразийского экономического союза в Бишкеке. 9 ноября 2022 - РИА Новости, 1920, 09.12.2022
Фото: «РИА Новости»

«Ўзаро келишувга эришилган ва эҳтимол, қаердадир муросали ечимларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни талаб қиладиган кўп масалалар борки, уларни аниқ топиш мумкин. Яъни, бу маънода қандайдир энергетик иттифоқ бўлиши мумкин», — деди Путин.

Шу билан бирга, президент Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари олдидаги мажбуриятларини эслатди.

«Ўзбекистон ҳамон кузатувчи мақомига эга, албатта, бу мамлакатнинг Евроосиё ишига яқиндан назар ташлаши ва бу ерда бутун ташкилот билан умумий тил топишиши учун сабабдир», — дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон газ иттифоқи бўйича муҳокамаларга тайёр ҳамда улар аллақачон бошланганини қўшимча қилди.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак Ўзбекистон бу иттифоқ ғоясига гўёки «қизиқиш билдиргани»ни иддао қилган.

«Биз мулоқотни давом эттиришга келишиб олдик. Биз Ўзбекистон Республикасига газ етказиб бериш ҳажмини оширишга тайёрмиз, чунки Ўзбекистонда газ истеъмоли ортиб бормоқда ва яқин келажакда бу кўрсаткич ўсади. Бизда газ бўйича ҳамкорликни кенгайтириш имконияти мавжуд. Техник тафсилотлар яқин орада ишлаб чиқилади », — деди Новак.

Новак, шунингдек, Ўзбекистон газ иттифоқини тузишга қизиқиш билдирдими, деган саволга жавоб берди: «Ҳа, албатта. Биз ишлашда давом этишга келишиб олдик, чунки Ўзбекистонда Россия газини қўшимча етказиб бериш бўйича қизиқиш мавжуд. Такрор айтаман, биз техник ва тижорий масалаларни ишлаб чиқишимиз керак».

Шунингдек, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Kun.uz’га берган интервюсида Россия билан эҳтимолий газ олди-сотдиси, унда қўйилиши мумкин бўлган сиёсий шартлар ҳамда бу шартларнинг хавфлари ҳақидаги саволга жавоб берди.

Газ эскпортидаги Ўзбекистон ва Хитой статистикасидаги фарқ қандай келиб чиқмоқда?
Фото: Telegram

Вазирнинг таъкилашича, Ўзбекистон миллий манфаатларини ҳеч қачон хавф остига қўймайди.

«Биз миллий манфаатларимизни ҳеч қачон хавф остига қўймаймиз. Агарда сиз айтаётган чорага йўл қўядиган бўлсак ҳам, фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширамиз. Бунинг эвазига бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўймаймиз.

Агар газни чегарамизгача олиб келиб, бизга маъқул нархда берса, оламиз, бўлмаса йўқ. Бошқа чораларни кўрамиз.

Бир нарсани тўғри тушунинглар, бизда газ тафовути фақатгина совуқ қишки мавсумда бўлади холос. Қолган пайтлар тўлиқ таъминлаймиз. Шунинг учун қолган чораларни кўрамиз, қўшимча инвестиция киритамиз, энергия тежамкорликка олиб борамиз, газдан ташқари муқобил энергия – кўмирда ишлай оладиган тармоқларни максимал равишда кўмирга ўтказамиз, алтернатив энергетикани интенсив ривожлантирамиз. Шу каби чоралар кўрилади», — деди вазир.

Газ иттифоқи тузиш ғояси турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди

Россия—Ўзбекистон—Қозоғистон «уч томонлама газ иттифоқи» тузиш ғояси ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хусусан, Қобил Хидиров davletovuz Telegram каналида «Буниси нима бало бўлди энди? Путин Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон ўртасида қанақадир уч тарафлама иттифоқ ташкил қилишни таклиф этибди», дея пост жойлади.

Ҳуқуқшунос ва блогер Баҳодир Аҳмедов эса Ўзбекистон позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Ўзбекистон Кремлни рад этди

Ўзбекистон Кремль билан ‘газ иттифоқи’да иштирок этишдан бош тортмоқда. Бу хақда Meduza хабар бермоқда.

Ўзбекистон энергетика вазирининг айтишича, мамлакат ‘газ эвазига ҳеч қачон сиёсий шартларга рози бўлмайди’, дейилади хабарда. Шунингдек вазиримиз келишув бу иттифоқ дегани эмас ва Ўзбекистон фақат савдога асосланган келишув доирасидагина ҳамкорлик қилишини таъкидлабди.

P. S. Давлатимиз позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Иқтисодчи Отабек Бакиров нималар бўлаётгани, нималарга рўпара келаётганимиз ҳақида очиқ айтилиши, агар бу имконсиз бўлса, ишоралар берилиши зарурлигини қайд этди.

Қанақадир янги иттифоқ, нима у?

Кеча битта юмшоқ супургиси ўзининг ҳовлисида юргандек юрди, индинга яна битта йилтирагани кунда-шунда.

Бугун учинчи бир томон биз иштирок этмаган музокараларда биз ҳам қўшилаетган қанақадир иттифоқ ҳақида айтмоқда.

Қўнғироқ ҳам бўлармиш.

Яна қанақадир тузоқ — газ келишуви.

Нималар бўлаётгани, нималарга рўпара келаётганимиз ҳақида очиқ айтилиши керак. Агар бу имконсиз бўлса, майли, ишоралар берилиши зарур.

Бугун эмас, эртага ейилиш шартларида одамхўр билан иттифоқ бўлишга биз рози эмас. Одамхўр билан иттифоққа биз рози эмас. Рози эмас.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Россиянинг газ иттифоқи тузишдан мақсади — санкцияларни айланиб ўтиш, дунёга «бу менинг газим эмас, қозоқларнинг ва ўзбекларнинг гази» дейиш.

Путиннинг матбуот котиби Песков Ўзбекистон томонининг ‘газ иттифоқи’ борасидаги салбий фикрларига раддия жавобини берибди, қисқа маъноси қуйидагича: ‘бу ерда сиёсат эмас, фақат тижорат ва манфаатлар’.

Ҳамма муаммо ҳам шунда-да. Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ иттифоқи тузиб, ўзининг газини Қозоғистон ва Ўзбекистон газига аралаштириб, кейин шу аралашган газни Хитойга ва бошқаларга сотмоқчи. Мақсад — санкцияларни айланиб ўтиш, дунёга ‘бу менинг газим эмас, қозоқларнинг ва ўзбекларнинг гази’ дейиш. Бу, албатта, Россиянинг тижорий ва бошқа манфаатларига тўғри келади.

Лекин бу Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг манфаатларига тўғри келмайди. Ўзбекистон учун ҳалқаро санкияларга тушиш манфаатли эмас. Ўз энергетика тизимини бошқа қудратли давлат назоратига ўтказиш унинг манфаатига тўғри келмайди. Ёки кимдир Россия билан битта иттифоқда бўлиб, у билан айтишиб, тортишиб, ўз манфаатларини қондиришга ва кейинги сафар Россиянинг нишонига айланмасликка ишонадими? Оч айиқ билан энг яхши муносабатда бўлиш ундан имкон қадар узоқда бўлиш ҳисобланади.

Иқтисодчи Жамшид Муслимов ўзнинг Twitter’даги саҳифасида Ўзбекистонга иттифоқ керакми-йўқми, деган саволга жавоб бериш учун аввал Ўзбекистонга нима кераклиги тўғрисида билиб олиш зарурлигини ёзиб қолдирди.

Ўзбекистонга иттифоқ керакми-йўқми, деган саволга жавоб бериш учун аввал Ўзбекистонга нима керак, деган саволга жавоб бериш лозим. Шунда қайси альянсга кириши, чиқиши масалалари аниқ бўлади. Бу жамиятнинг мақсадлари аниқ белгиланмаган, раҳбарларининг мақсад-манфаатлари эса менга қоронғи.

Журналист Алишер Рўзиохунов мазкур иттифоққа расмий Тошкентнинг эҳтимолий муносабати бўйича фикри билан бўлишди.

Расмий Тошкент янги иттифоқчиликка муносабати шунақароқ бўлади: Россия—Ўзбекистон стратегик шерик, Қозоғистон—Ўзбекистон ҳам. Россия—Қозоғистон ҳам. Стратегик ҳамкорлик янги даражада мустаҳкамланди.

Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров газ иттифоқи тузилгандан сўнг газга тарифлар масаласи кўтарилишини тахмин қилди.

РФ—Қозоқистон—Ўзбекистон газ иттифоқи тузилиши билан, газга тарифлар масаласи дарҳол кўтарилади. Шунча пулни еган тармоқ яна ейиши керак бўлади. Энди РФ билан бирга…

Аввалроқ Қозоғистон Россияга АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари томонидан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бермаслиги маълум бўлганди.

Президенти администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Темур Сулаймановнинг сўзларига кўра, Қозоғистон учун европалик шерикларга санкцияларни четлаб ўтишда Россия воситаси бўлиб қолмаслигини кўрсатиб бериш муҳим.

«Биз санкцияларга риоя қиламиз. Россия, Беларусь ва бошқа давлатлар билан иқтисодий иттифоқда бўлсак-да, биз халқаро ҳамжамиятнинг бир қисми ҳам ҳисобланамиз. Шу сабабли Қозоғистонга нисбатан АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан иккиламчи санкцияларнинг қўлланилишини истамаймиз», — деган Сулайманов.

Аввалроқ Евроиттифоқ Россияга қарши саккизинчи санкциялар пакетини тасдиқлагани, шунингдек, ЕИ Россияга дрон сотгани учун Эронга янги санкциялар қўллагани ҳамда Европа Иттифоқи Туркияга ҳам санкция қўллаши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Бугун оқшоми. Метрода ҳаракатланган президент, уйларнинг зилзила бардошлигига «гарантия» беролмаган мутасадди ҳамда Тошкентда янги қурилишларга ўрнатилган чеклов
Янгиликлар21:00 | 8.2.23
Бугун оқшоми. Метрода ҳаракатланган президент, уйларнинг зилзила бардошлигига «гарантия» беролмаган мутасадди ҳамда Тошкентда янги қурилишларга ўрнатилган чеклов
Самарқанд халқаро технология университети ўзининг янги кампус макетини тақдим этди
Янгиликлар18:53 | 8.2.23
Самарқанд халқаро технология университети ўзининг янги кампус макетини тақдим этди
Тошкент шаҳрида янги қурилишларга чеклов ўрнатилади
Янгиликлар18:40 | 8.2.23
Тошкент шаҳрида янги қурилишларга чеклов ўрнатилади
«Ўзбекгидроэнерго» Ҳиндинстон компанияси билан инновацион гидроагрегатларни етказиш бўйича шартнома имзолади
Янгиликлар18:00 | 8.2.23
«Ўзбекгидроэнерго» Ҳиндинстон компанияси билан инновацион гидроагрегатларни етказиш бўйича шартнома имзолади
Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 9 минг кишидан ошди
Янгиликлар17:41 | 8.2.23
Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 9 минг кишидан ошди
Жо Байден Конгрессга йиллик мурожаатини йўллади. АҚШ президенти Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, Россияни бирор марта тилга олмаган
Янгиликлар17:07 | 8.2.23
Жо Байден Конгрессга йиллик мурожаатини йўллади. АҚШ президенти Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, Россияни бирор марта тилга олмаган

Муҳим хабарлар

Самарқанд халқаро технология университети ўзининг янги кампус макетини тақдим этди

18:53 · 08.02.2023

Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 9 минг кишидан ошди

17:41 · 08.02.2023

Жо Байден Конгрессга йиллик мурожаатини йўллади. АҚШ президенти Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бериб, Россияни бирор марта тилга олмаган

17:07 · 08.02.2023

Орол денгизининг суви қуриган тубида «яшил қопламалар» барпо этишга 25 млрд сўм ажратилади

16:33 · 08.02.2023

Ўзбекистон Туркманистондан етказилмаган газ учун пул компенсацияси талаб қилгани рад этилди

15:59 · 08.02.2023

Ўзбекистонда 9 февраль куни аксарият ҳудудларга ёмғир ёғади

15:25 · 08.02.2023

Ўзбекистонлик қутқарувчилар Туркияда вайроналар остидан 9 кишини қутқариб олди — видео

14:55 · 08.02.2023

Ўзбекистондаги уйлар зилзилага қанчалик бардошли? Қурилиш вазири ўринбосари жавоб берди — видео

12:23 · 08.02.2023

Туркия ва Суриядаги зилзилалар қурбонлари сони 8 мингга яқинлашди

11:49 · 08.02.2023

Фарғонада журналист ва Telegram-каналлар маъмурлари 15 суткага қамалди

18:30 · 07.02.2023