Қашқадарёдаги бозорда ҳоким ўринбосари калтакланди — видео
Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги деҳқон бозорида ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида келган туман ҳокими ўринбосари калтакланган. Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, жанжал уюштирган шахсларнинг бир неча нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган, тўрт нафари 15 суткага қамалган.

Қамаши туманидаги деҳқон бозорида 2 январь куни ободонлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида келган Қамаши тумани ҳокими ўринбосари хамда бозор атрофига бетон ариқ ўрнатиш учун экскаватор ишлаётган вақтда фуқаролар сабабсиз жанжал чиқарган.
Жанжал вақтида фуқаролар ҳоким ўринбосарини қасддан бир неча маротаба уриб, экскаватор ойнасига тош отиб синдириб, бозор маъмуриятига тегишли Nexia-2 машинасига зарар етказиб, бошқа фуқароларни фаол қаршилик кўрсатишга жалб қилган.
Қайд этилишича, бозор ҳудудига жамоат тартибини тиклаш учун жалб қилинган Қамаши туман ИИБ ходимлари томонидан 6 нафар ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаронинг ҳаракатлари расмийлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар асосида жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194 ва 195-моддаларига (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) асосан икки нафар фуқарога БҲМнинг бир баравари (300 минг сўм) миқдорида жарима, тўрт нафарига 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Жамоат тартибини бузишда иштирок этган яна тўрт нафар фуқарога нисбатан Қамаши туман ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
