Узайтирилган таътил кунларида боғча тарбияланувчилари учун ҳақ тўланмайди
Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетиши ҳақида хабар берилганди. Натижада Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди ҳамда Республикадаги боғчаларда навбатдан ташқари таътил эълон қилинди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги навбатдан ташқари таътил кунларида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун ҳақ тўланмаслигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда мактабгача таълим ташкилотларида навбатдан ташқари таътил эълон қилингани сабабли мазкур таътил кунлари учун боғча тўлови тўланмайди. Шунингдек, таътил эълон қилингунга қадар боғча тўлови амалга оширилган бўлса, кейинги тўловларни амалга ошириш жараёнида таътил кунлари учун тўланган бадал суммаси ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, таътил кунлари давомида мактабгача таълим ташкилотлари, жумладан, ДХШ ҳамда Оилавий НМТТда фаолият юритадиган ходимларга амалдаги тартиб сақланган ҳолда иш ҳақи тўланади.
Маълумот учун, навбатдан ташқари таътил эълон қилиниши муносабати билан мактабгача таълим ёшидаги (3-7 ёшли) болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади.
Аввалроқ Ўзбекистонда аномал совуқ сабаб ходимларнинг онлайн ишлашига рухсат бериш таклиф қилингани, коллеж ва техникумлар учун тўлов-контракт миқдори ўзгаришсиз қолгани, Ўзбекистонда контракт тўлаш муддати узайтирилгани, таълим муассаларида аномал совуқ сабаб қишки таътил муддати узайтирилгани ҳамда боғчаларда навбатдан ташқари таътил эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.