Наманганда ҳам 3 ёшли бола «Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиб вафот этди
Наманганда икки кун давомида икки маҳалдан «Док-1 Макс» сиропидан истеъмол қилган 3 ёшли бола вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқда хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, вафот этган бемор Б.Қ. шифохонадан ташқари ривожланган пневмония, ўткир кечуви оғир формаси, ҳазм фаолиятини функционал бузилиши ва диспептик ҳолат ҳамда гиповолемия оғир даражаси ташхиси билан даволанган.
«Бемор 2022 йил 15 декабрь куни туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган пайтда оғир ҳолатда бўлган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали томонидан кўрсатилган тиббий ёрдам чораларига қарамасдан у 2022 йил 21 декабрь куни вафот этган.
Бутун республика бўйлаб ‘Док-1 Макс’ дори воситасининг салбий таъсири бўйича муаммолар келиб чиқиши бошлаганидан кейин сўраб ўрганилганда, вафот этган бемор онасининг сўзидан бу бемор ҳам уй шароитида шифокор кўрсатмасисиз ушбу препаратни қабул қилгани аниқланган», — деди вилоят ССБ бошлиғи Абдулходи Иминов.
Аввалроқ Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлган «Док-1 Макс» таркибидаги заҳарли модда 300 баробар ошиб кетгани аниқлангани, ССВнинг янги раҳбари Quramax’нинг барча дорилари савдосини тўхтатиш бўйича топшириқ бергани, Тошкент вилоятида «Док-1 Макс» сиропидан 9 нафар бола заҳарлангани, Қашқадарёда «Док-1 Макс» сиропидан 1 ёшли бола вафот этгани, соғлиқни сақлаш вазири «Док-1 Макс»дан вафот этган болаларнинг ота-оналарига ҳамдардлик билдиргани ҳақида хабар қилинганди.
Мавзуга доир: