Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш учун Туркиядан мутахассислар жалб этилади
Ўзбекистонда тиббиётни рақамлаштиришга Туркиядан етакчи мутахассислар жалб қилинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 5 январь куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Туркия Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Шуайиб Биринджи билан видеомулоқот ўтказган.
Ўзбекистонда халқаро тажриба асосида давлат тиббий суғуртаси тизимини босқичма-босқич жорий этишга киришилган. Биринчи босқич синов тариқасида Сирдарё вилоятида амалга ошириляпти. 2023 йилдан бошлаб, бу механизм Тошкент шаҳрида ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, янги тизим Навоий вилоятида татбиқ этилиши режалаштирилган.
Томонлар тиббиёт кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимига илғор ўқитиш методикаларини татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар келишувига мувофиқ, яқин кунларда туркиялик етакчи мутахассислар Ўзбекистонга ташриф буюради. Улар мамлакатда соҳани рақамлаштириш, тиббий суғурта тизимини кенг жорий этиш, тиббиёт кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш жараёнига яқиндан кўмаклашади.
Мавзуга доир: «Халқимиз соғлиқни сақлаш тизимидан мутлақо норози». Президент эндокрин касалликлар бўйича йиғилиш ўтказмоқда
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятида 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар тажриба-синов лойиҳаси доирасида давлат тиббий суғуртаси жорий этилганди. Шунингдек, 2021 йил ноябрда Шавкат Мирзиёев «Аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш соҳасида кадрлар салоҳиятини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолаганди.