Ўзбекистонда 2022 йилда қарийб 91 млрд сўмлик сифатсиз дори воситалари савдосининг олди олинди
Ўзбекистонда 2022 йилда умумий қиймати 90,57 миллиард сўм бўлган дори воситаларига сертификат бериш рад этилди. Бу ҳақда Bugun.uz’га Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, республикадаги фармацевтика маҳсулотларини сертификатлаштириш органларига бўлган мурожаатлар асосида 2022 йил давомида тақдим қилинган дори воситалари белгиланган тартибда сертфикатлаштириш учун текширувдан ўтказилган.
Таҳлиллар натижасига кўра, 24 та давлатда, жумладан, Австрия, Аргентина, Арманистон, Бангладеш, Беларусь, Болгария, Венгрия, Германия, Грузия, Испания, Италия, Македония, Нидерландия, Покистон, Польша, Россия, Руминия, Словакия, Туркия, Украина, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Швейцария давлати ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 271 турдаги 3 382 502 шартли ўрам, умумий қиймати 90,57 миллиард сўм бўлган дори воситалари (тўлиқ рўйхат) сертификатлаштириш жараёнида номувофиқлиги аниқланиб, қўллаш учун яроқсиз деб топилди. Шунингдек, ушбу дори воситаларининг сертификатлаштирилиши рад этилиб, мазкур сифатсиз дори воситаларининг муомалага чиқарилишининг олди олинган.
Эслатма: «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги ягона низомга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва (ёки) реализация қилиш, фаолият учун берилган лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келадиган, лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланади.
Маълумот учун, «Мувофиқлик сертификати» — сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат ҳисобланади.
Мавзуга доир: «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситалари лаборатория синовларидан ўтказилмагани аниқланди
Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод туманида ҳам 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди.
Сирдарё вилояти ССБ бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсонованинг сўзларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дорилари етти нафар болага ножўя таъсир қилган. Уларнинг тўрт нафари соғайган, уч нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.