Ўзбекистонда 2024 йилдан қишки спорт мактаби ўз фаолиятини бошлайди
«Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Қарор билан қишки спорт мактабининг асосий вазифалари белгиланган. Қишки спорт турлари бўйича ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш, хорижий мамлакатларнинг қишки спорт турлари бўйича мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш шулар жумласидандир.
Республика қишки спорт мактаби 2024/2025 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайди ҳамда мактабдан ташқари спорт-таълим муассасаси ҳисобланади.
Мактабни ташкил этиш ва спорт иншоотларини қуришда қишки спорт турлари (фигурали учиш, конькида учиш, шорт-трек, ҳоккей) билан ўқувчиларнинг доимий машғулот ўтказишлари учун замонавий ёпиқ муз саройи ва очиқ спорт майдони ҳамда махсус тренажёр залига эга бўлиши лозим.
Маълумот учун, Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби Президентнинг 2022 йил 1 июлдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Қарор билан 2026 йил Милан ва Кортина-д’Ампетссо шаҳарларида (Италия) бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ва XIV Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш дастури, тайёргарлик кўриш бўйича мақсадли кўрсаткичлар ва тайёргарлик кўрувчи Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг контингенти тасдиқланганди. Дастур доирасида қуйидагилар ташкил этилади:
- Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида замонавий муз саройи;
- Тошкент вилоятида қишки спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзолари учун 60 ўринга мўлжалланган Олимпия тайёргарлик маркази;
- Тошкент шаҳрида Қишки спорт турлари бўйича республика ихтисослаштирилган спорт мактаби.
Мавзуга доир: Президент паралимпиячилар билан учрашди