Оилани кам таъминланган деб топишда бир қатор расмиятчиликлар бекор қилинади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига «Оилани кам таъминланган деб эътироф этишда жами даромад миқдорини ҳисоблаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Унда қайд этилишича, оиланинг кам таъминланганлигини унинг реал даромади ва моддий имкониятлари асосида белгилаш ва оилани ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни самарали ташкил этишда муаммолар юзага келмоқда.
Хусусан, қонунчиликда турар-жойга муҳтож оилани кам таъминланган деб топишда унинг яшаш жойи билан боғлиқ харажатларини инобатга олиш назарда тутилмаган. Шу билан бирга, оиланинг жами даромад миқдорини ҳисоблаш бўйича амалдаги тартиб аҳолининг кам даромадга эга ҳамда турар-жойга муҳтож қатламини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг энг минимал эҳтиёжларини қондириш имконини бермайди.
Шу муносабат билан, юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан оилани кам таъминланган деб топишда оиланинг жами даромадидан ижара шартномаси ёки ипотека тўловларини чиқариб ташлаш белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларни аниқлаш бўйича янги қоидалар кучга кириши, Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга нафақа ажратиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилиниши маълум қилингани, Ўзбекистонда сўнгги 3 ойда хайрия тадбирларига қанча маблағ сарфлангани ҳамда Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга нафақа ажратиш кўлами кенгайтирилиши ҳақида хабар берилганди.