АҚШда совуқ уруш давридаги энг хавфли жосуслардан бири — Ана Монтес озодликка чиқди

АҚШда совуқ уруш давридаги энг хавфли жосуслардан бири дея эътироф этилган америкалик Ана Монтес озодликка чиқди. У АҚШ Мудофаа вазирлиги Разведка бошқасида ишлаган даврида — 17 йил махфий маълумотларни Куба ҳукуматига бериб келган. Монтес 2001 йилда ҳибсга олинган. У 21 йил давомида Техасдаги қамоқхонада жуда қаттиқ шароитдаги қамохонада жазосини ўтаган. Журналист Жим Попкин The Washington Post’га аёлнинг тарихи ҳақида сўзлаб берди.

Фото: ФҚБ

«Ана Монтес — эҳтимол, кўпчилик эшитмаган энг хавфли жосусдир. Ана 2001 йил 11 сентябрдан кейин ҳибсга олинган ва жиноятлари кўламига қарамай, терактлар туфайли ва уларга бўлган яққол эътибор шовқин-сурони ичида йўқолиб қолгандек эди. Аммо у кўплаб сабабларда энг, энг муҳим жосус ҳисобланади», — дейди Жим Попкин.

Ана Монтес салкам 17 йил давомида Куба ҳукуматига АҚШ разведкасининг ўта махфий маълумотларни бериб, муваффақиятли жосуслик фаолияти билан шуғулланиб келган. Хусусан, у МРБнинг Кубадаги тўрт нафар агентини фош этишга ҳисса қўшган дейилади. Шундан сўнг улар билан нима содир бўлгани номаълум, чунки жосус аёл ишининг кўплаб материаллари махфийлигича қолмоқда.

Монтес АҚШ томонидан Куба, Хитой, Россия ва Эрондаги маълумотларни йиғиш учун яратилган «Мисти» номли махфий сунъий йўлдош тизимини фош этган. Жон Попкин батафсил маълумотларни билмаслигини, бироқ тахминича, Куба жосусдан олган маълумотларини Россия билан бўлишган.

Журналистнинг таъкидлашича, Ана Монтес ёмон ниятда иш кўрмаган. Унинг сўзларига кўра, бутун фаолияти давомида у Куба ҳукуматидан харажатлари учун бир неча минг доллар олган, холос. Монтеснинг Куба фойдасига ишлашига унинг президент Рональд Рейганнинг Марказий Америкадаги сиёсатидан норозилиги асосий сабаб бўлган. АҚШ Никарагуадаги фуқаролик урушида иштирок этган ўнг қанот гуруҳи — «Контрас»ни қўллаб-қувватлаган.

Ана Монтес 1970 йилда Виржиния университетига ўқишга кирган, биринчи ўқув йилини Мадридда ўтказиб, радикал кайфиятдаги талабалар гуруҳига тушиб қолган. Кейинроқ у Жон Хопкинс номидаги университетга аспирантурага топширган ва у эрда ҳам ўз маслакдошларини топган.

Ўша вақтларда уни Куба разведкаси фойдасига ишлаган Марта Веласкес исмли талаба пайқаб қолган. У Монтесни ўзига оғдириб олган ва у билан бошқа давлатлар орқали Гаванага борган. Улар йўлда Кубанинг Мадрид ва Прагадаги вакиллари билан учрашган. Гаванада Монтес махсус тайёргарликдан ўтган, кубаликларнинг қўллаб-қувватлови билан АҚШ Мудофаа вазирлиги Разведка бошқармасига ишга жойлашишга муваффақ бўлган.

«Монтес биз Куба ҳақида билган ва у ердаги ҳаракатларимизга оид деярли барча нарсани йўққа чиқарди. Кубаликлар биз улар ҳақида билишимизга оид барча маълумотлардан яхши хабардор бўлган ва ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Монтесда ўз ҳамкасблари билан суҳбатда Кубадаги вазиятга баҳо беришга таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлган», — деганди кичик Жорж Буш президентлиги даврида контрразведкани бошқарган Мишель Ван Клив.

Жим Попкиннинг айтишича, Ана Монтес топшириқларни қисқа тўлқинли эшиттиришлар орқали олган, маълумотларни эса шахсий учрашувларида тақдим этган. Шу билан бирга, журналистнинг қайд этишича, у жуда эҳтиёткор бўлган — ўзи билан ҳеч қачон иш ҳужжатларини олиб кетмаган, муҳим маълумотларнинг барчасини ёдлаб қолган. Унинг яқин қариндошлари, ФҚБда ишлаган тўрт нафари Ана ҳибсга олингуга қадар у Куба фойдасига хизмат қилувчи жосус эканидан шубҳаланмаган ҳам.

Америка махсус хизматлари Монтеснинг жосуслик фаолиятидан айнан қачон хабар топгани номаълум. Биринчи бўлиб Миллий хавфсизлик агентлиги ходимлари Куба радиоузаткичи маълумотларини тутиб қолиб, у ердаги хабарларни ўқишга эришган. Агентлик маълумотларни ФҚБга тақдим этган, улар эса икки йил давомида тергов олиб борган, бироқ бу ҳеч қандай натижа бермаган. Шундан кейин Миллий хавфсизлик агентлиги тўғридан-тўғри Мудофаа вазирлиги Разведка бошқармасига мурожаат қилган ва иш билан «каламушлар овчиси» Скотт Кармайкл шуғулланган.

Ана Монтес 2001 йил сентябрда, 11 сентябрь терактларидан беш кун ўтиб қўлга олинган. Унга нисбатан Куба фойдасига жосуслик қилиш айблови қўйилган. Аёл ўз айбини тан олган ва 2002 йил октябрда 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Монтес 21 йил ва уч ой қамоқда ўтириб, 2023 йил 6 январь куни озодликка чиққан. У яхши хулқ-атвори учун муддатидан олдин озод этилган. Жим Попкиннинг сўзларига кўра, февралда 66 ёшга тўладиган Ана Монтес қариндошлари яшайдиган Пуэрто-Рикога йўл олиш ниятида.

«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео
Янгиликлар17:22 | 28.1.23
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео