Миграция агентлиги Қозоғистон ва Россиядаги Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди
Ташқи меҳнат миграцияси Россия ва Қозоғистон ҳудудларида об-ҳавонинг кескин совуши оқибатида йўлларда ҳаракатланиш билан боғлиқ қатор ноқулайликлар юзага келиши сабаб мазкур давлатларда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, ушбу давлатларда яқин ҳафталар давомида совуқ ҳаво ҳарорати сақланиб туради. Шу муносабат билан, агентлик ўша ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан йўлларда ҳаракатланишда барча хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишни, зарурат бўлмаганда, узоқ масофали йўлларда транспорт воситаларида ҳаракатланмасликни сўраган.
Мавзуга доир: ССВ аномал совуқдан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берди
Аввалроқ 9 январь куни Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетиши ҳақида хабар берилганди. Бунинг натижасида собиб депутат Расул Кушербаев эса республикадаги барча таълим муассасаларидаги таътил муддатини узайтиришни таклиф қилганди.
Шундан кейин аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида ҳам навбатдан ташқари таътил эълон қилинди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати барча фуқароларни бунга чора кўришга чақирди. Қайд этилишича, барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқиши керак. Меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаши зарур.