22:08 | 10.01.23 147

АҚШ Украинага Stryker зирҳли транспортёрларини етказиб беради — Politico

АҚШ Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўриш доирасида Украинага Stryker жанговар зирҳли машиналар партиясини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Stryker Bradley’дан кўра шовқинсиз ҳаракатланади, шунингдек, кўпроқ аскарларни — олти нафар ўрнига тўққиз кишини таший олади

АҚШ Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўриш доирасида Украинага Stryker жанговар зирҳли машиналар партиясини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico нашри ўзининг манбаларига таяниб хабар берди.

Фото: Politico

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ Администрацияси кейинги ҳафта охирида янги ёрдам пакетини эълон қилиши мумкин. Stryker зирҳли машиналари ушбу пакетга кириш-кирмаслиги ҳозирча номаълум, чунки якуний қарор ҳозирча қабул қилинмаган. Шу билан бирга, газета манбаларининг қайд этишича, Администрация мазкур зирҳли транспортёрларни кейинги пакет билан юбориши мумкин.

Январь бошида АҚШ Украинага 50 та Bradley жанговар машинасини етказиб бериш ниятида эканини маълум қилганди. Stryker зирҳли машиналар улар билан таққослаганда жангда самарали эмас, бироқ бошқа қатор устунликлари бор. Stryker Bradley’дан кўра шовқинсиз ҳаракатланади, шунингдек, кўпроқ аскарларни — олти нафар ўрнига тўққиз кишини таший олади.

«Украиналикларга зирҳли транспортёрлар керак ва бу бизнинг қуролланишимизда бор нарсалар. Танклар билан жангда Bradley каби яхши бўлмаса-да, пиёдалар ҳимояси ва жангда ҳаракатланиш учун яхши», — дейди АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили.

2023 йил бошида Франция Украинага АМХ-10 РC зирҳли техникаларини етказиб беришини маълум қилганди. Орадан кўп ўтмай Германия Marder жанговар машиналар ва Patriot зенит-ракета мажмуалари батареясини етказиб беришини эълон қилди.

Украина ҳукуматига кўра, Россия яқин ойларда кенг кўламли ҳужумларни бошлаши мумкин. Ўз навбатида Украина разведкасида Россия ҳукумати яна 500 минг кишини сафарбарликка жалб этишини маълум қилган.

Мавзуга доир: Байден Украинадаги можаронинг «критик нуқтаси» ҳақида гапирди

Декабрь ойининг ўзида Оқ уй томонидан Украинага 275 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети эълон қилинганди. Ноябрь ойида Жо Байден Конгрессдан Украинани қўллаб-қувватлаш учун 37,7 миллиард доллар сўраган. Ноябрь ойида шунингдек, 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети эълон қилинганди. Ҳарбий ёрдам таркибидан Avenger ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Stinger ракеталари, шунингдек, Hawk мудофаа тизимлари учун ракеталар ўрин олган.

Октябрь ойида Жо Байден яна 725 миллион долларлик ҳарбий ёрдам эълон қилган бўлиб, ёрдамдан HIMARS учун ўқ дорилар, 23 минг артиллерия снаряди ўрин олганди. Сентябрь ойи охирида АҚШ Сенати Украина учун қўшимча 12,4 миллиард долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллаганди. Сентябрь ойида шунингдек, Украинага қўшимча 1,1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакети тайёрланаётгани хабар қилинган. 2022 йилнинг Ноябрь ойига келиб, АҚШ Украинага жами 20 миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам жўнатгани маълум бўлган.