21:02 | 10.01.23 583

Бугун оқшоми. Таълим тизимидаги «аномал» қарор, Сурхондарёда калтакланган шифокор, тушунтириш хати ёзган олимпия чемпиони

Бугун оқшоми. Таълим тизимидаги «аномал» қарор, Сурхондарёда калтакланган шифокор, тушунтириш хати ёзган олимпия чемпиони @bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Фазлиддин Ғоибназаровдан қуш овлагани учун тушунтириш хати олинди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бокс бўйича Рио олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаровнинг ов қуролини кўтарган ҳолда, 10 та отилган қуш билан тушган сурати тарқалганди. Маълум бўлишича, қушлар унинг таниши томонидан 2022 йилнинг 30 декабрь куни Тошкент вилояти Бекобод туманидан ўтган Сирдарё бўйида овланган. Ғоибназаров эса қушлар билан фақат суратга тушгани айтилган.

Фото: Istagram / @fazliddingaibnazarov

Ўрганишлар давомида қушларни овлаган шахс ов қилиш учун махсус рухсатномага эга экани ва овчилик жамиятига аъзолиги маълум бўлган. Бироқ у белгиланган миқдордан кўп қушларни овлаб, таъбиатга зарар етказган.

Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасига асосан жарима белгиланган ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга топширилган. Ҳолатнинг бошқа «қаҳрамон»ларидан, шу жумладан Фазлиддин Ғоибназаровдан ҳам тушунтириш хати олинган.

Фото: Давлат экология қўмитаси

Экология қўмитаси берган маълумотда олимпия чемпиони қушларни овламагани айтилганига қарамай, у ўзининг Instagram’даги саҳифасига аввал жойлаб, кейин ўчириб юборган видеосида унинг ўзи ҳам қуролни ишлатиб, қушларни овлаётганини кўриш мумкин.

«Миша, чучвара отмен!»

Ўзбекистонга аномал совуқ кириб келиши муносабати билан 5 январь куни аввалига таълим муассасаларида таътил муддати узайтирилган, кейинроқ боғчаларда навбатдан ташқари таътил эълон қилинган эди. Орадан 5 кун ўтиб кутилган аномал об-ҳаво етиб келганидан сўнг ё бу ҳарорат унчалик ҳам «аномал» эмаслиги маълум бўлди ёки бошқа бир сабаб туфайли ушбу қарор ўзгартирилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини маълум қилди. Унга кўра, 10-18 январь кунлари таълим муассасаларида ҳар қандай тадбир ёки мажлис ўтказиш тақиқланади, таълим муассасалари раҳбарлари ва тегишли маҳаллий ҳокимликлар талаба-ўқувчиларни хабардор қилиш, уларни ОТМ жойлашган ҳудудга етиб келишини таъминлайди ҳамда мазкур жараёнларни шахсан назоратга олади.

Ўқув жараёнларини ташкил этишда ҳудуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олиниши ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги бўйича кўрсатма берилган.

Ўқувчи ёки талабалар ноқулай об-ҳаво шароити сабаб дарс машғулотларига етиб келолмаган тақдирда уларга масофавий таълим шакли таклиф етилади. Шунингдек, таълим муассасаларида 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди.

Дастлаб, Андижон вилоятидаги барча таълим муассасаларида, Хоразм вилоятидаги мактабларда дарслар 11 январдан бошланиши эълон қилинган бўлса, кейинроқ Бухоро вилоятидаги мактабларда дарс жараёнлари 11 январдан анъанавий шаклда бошланиши маълум бўлди. Фарғонадаги 12 олий таълим муассаси, 76 та техникум, коллеж ва касб-ҳунар мактабларида 11 январдан, 975 та умумтаълим мактабларида, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда эса ўқиш 16 январдан бошлаб одатий шаклда давом эттирилиши айтилди. Қолган барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида дарслар олдин айтилганидек 18 январдан бошланиши кутилмоқда. (ҳозирча)

Ушбу қарор ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлди. Жумладан, блогер Зафарбек Солижонов ўзининг Telegram каналида «Эртадан таълим муассасаларида ўқиш бошланади деб эълон қилинди. Ҳокимлар ва айрим вазирлар миясиз бўлиши мумкин. Бунинг эҳтимоллик даражаси ҳам юқори бўлиши керак. Балки кейинроқ бу ҳақда тадқиқотлар ҳам ўтказилар. Уларнинг қўл остидагиларга эса тинчлик керак.

Лекин тепада бирорта ақлли инсон қолганмикин, нега кутилмаганда ушбу қарорга келинди, тушунтириб берадиган. Ваҳима, ҳавотирларимизга амалимиз тушмай қолмаяптими?», деб ёзган.

Telegram’даги «Файзбоғуз» каналида бунга нисбатан «Бизнинг таълим тизимимизда икки нарса йўқ: биринчиси таълим, иккинчиси тизим», дея муносабат билдирилган.

Блогер Нурбек Алимов эса Telegram’да шундай ёзади: «Қор даҳшат, 5 км тротуарда пиёда юрдим. Мачитти ёни қордан тозаланган холос шу 5 кмда. И то мачитга келган йигитлар тозалашяпти барака топишсин. Қолган ерлар бардак, эрталаб бир киши юрган ва сўқмоқ бўлиб қолган, ҳамма шу бир кишилик сўқмоқда юрибди. Билмадим, бугунги қор ёққан куни эртадан ўқиш деб эълон қилиш жуда ғалати.

Асфальт йўллар ҳам қор, машиналар конкида учиб юрибди. Қишки резина билан ҳам машинада юрмасликка қарор қилдим.

Мелисалар ҳам овоз кучайтиргичда уйда ўтиринг деб юришибди.

Дараҳтлар қордан синиб кетяпти. Видеода Ободонлаштириш ходимлари билан сой кўпригига тиқилиб қолган дарахтни сойдан чиқаряпмиз.

Хуллас вазият чатоқ, Тошкентда эртадан ўқиш бошламаслик керак деб ўйлайман».

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев «Чиновник айтадиям, гапидан қайтадиям. Халқ олдида обрўнинг бир пул бўлиши — бир пул!» — ўзбек давлат мақоли» дея сатирик пост жойлаган бўлса, блогер Хушнуд Худойбердиев таълим муассасаларида эълон қилинган таътил муддати яна ўзгартирилганига жавобан таниқли кулгу жамоасининг машҳур иборасини келтиради — «Миша, чучвара отмен».

Журналист, блогер, тилшунос ва тархичи Элдар Асановдан эса қисқа муносабат — «Тутуриқ left Узбекистан».

Ижтимоий тармоқ фаоллари ушбу «аномал» қарорга нисбатан эътирозларини билдираётган бир пайтда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ҳам мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлашга чақирди.

Дарсларни қачон бошлаш масаласида баҳслар давом этаётган пайтда Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларига кучли қор ёғди. Айниқса Тошкент шаҳрида қор қалинлиги ортиб, баъзи автомобиль турар жойларидаги темир устунлар машиналар устига қулаши, кўп йиллик дарахтларнинг ёғган қорни кўтаролмай йиқилиши ҳолатлари содир бўлди.

Пойтахтдаги «Ипподром» бозорида эса савдо расталари йўлакларига ўрнатилган соябонлар қор қалин ёққани сабабли оғирликни кўтаролмай қулади. Бозор маъмурияти билан ҳамкорликда савдо дўконларининг фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Ноқулай об-ҳаво шароити Тошкентдан амалга ошириладиган қатор парвозларнинг кечикишига ҳам сабаб бўлди.

«Ўзгидромет» томонидан Ўзбекистоннинг 7 та вилоятида 11−16 январь кунлари учун қор кўчиш хавфи эълон қилинди.

Жумладан:

  • Қашқадарё вилояти: Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Деҳқонобод туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Қумқўрғон, Сариосиё, Узун, Бойсун туманларида;
  • Самарқанд вилояти: Қўшработ, Нуробод, Самарқанд, Ургут, Булунғур туманларида;
  • Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Фориш туманларида;
  • Тошкент вилояти: Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ,тумани ва Чотқол тизмасининг «Чимён» тоғларида;
  • Наманган вилояти: Поп туманида;
  • Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона туманларида.
Фото: «Ўзгидромет»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилшида ҳам Ўзбекистонга кириб келган аномал совуққа эътибор қаратилиб, барча даражадаги ҳокимларга тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда йўлларни тозалаш ишларини ташкил этиш, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сурхондарёда шифокор калтакланди

Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида шифкор калтаклангани акс этган видео тарқалди. Маълум бўлишича, ҳолат вилоятнинг Бойсун тумани, Косиблар маҳалласида 9 январь куни 14:30 ларда содир бўлган. Туман тиббиёт бирлашмасида ишловчи шифокор фуқаро томонидан зарба берилиши оқибатида ерга йиқилиб, «енгил» тан жароҳати олган.

Айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 277-модда (безорилик) 2-қисмининг «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Адлия вазирлиги ОАВни Ўзбекистондаги маънурий ислоҳотларни бирёқлама ёритганликда айблади

Адлия вазирлиги «айрим ОАВ ва ижтимоий тармоқлар масалани мутахассис бўлмаган ёки зарур билим ва тажрибаси бўлмаса-да, ўзларини эксперт деб эълон қилаётган шахслар билан интервьюлар ташкил қилиб, ўз кузатувчиларига ислоҳотларни бир томонлама, фақат салбий томондан кўрсатиш ва баҳолаш билан» Ўзбекистонда ўтказилаётган маъмурий ислоҳотларни бирёқлама ёритаётганини маълум қилди.

Вазирлик Ўзбекистон ҳукуматининг ихчамлаштирилиши ҳақидаги қарор Президент фармойиши билан 2021 йил ноябрда бошлангани, «енгил-елпи ёндашув билан, 1 кун ичида қабаул қилинмагани»ни таъкидлаган. Ушбу қарорни амалга оширишда қатнашган бир қатор маҳаллий ва хорижий экспертлар батафсил санаб ўтилган.

Адлия вазирлиги ҳозиргача турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келган вазирларнинг вазирликлар лавозимига қайта тайинланишига нисбатан салбий ҳолат деб қарамаслигини билдирган.

Ҳозирги тайинловларни янги ҳукуматни шакллантириш сифатида кўрмасликка чақириб, лавозимга тайинланган вазирларнинг катта қисми ёшлардан иборат эканини юқори баҳолаган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.


Ўзбекистонда дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

Ўзбекистонда дам олиш кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

13:09 | 22.09.23 158
AKFA Group компанияси CAExMebel&Décor 2023 кўргазмасида иштирок этади

AKFA Group компанияси CAExMebel&Décor 2023 кўргазмасида иштирок этади

13:00 | 22.09.23 86
Тошкентда «Док-1 Макс» иши кўриб чиқилаётган суд биносига бомба қўйиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди

Тошкентда «Док-1 Макс» иши кўриб чиқилаётган суд биносига бомба қўйиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалди

11:58 | 22.09.23 687
Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига ичимлик суви тармоғи тортилади

Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига ичимлик суви тармоғи тортилади

11:30 | 22.09.23 228
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда заҳарланган болалар ҳақида маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Наманганда заҳарланган болалар ҳақида маълумот берди

10:32 | 22.09.23 426
Наманганда 71 нафар бола оммавий заҳарланди

Наманганда 71 нафар бола оммавий заҳарланди

9:16 | 22.09.23 458