Фазлиддин Ғоибназаровдан қуш овлагани учун тушунтириш хати олинди
Ўзбекистонлик таниқли боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров қуш овлагани ҳақида хабар берилганди. Давлат экология қўмиятаси мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Фазлиддин Ғоибназаров 5 январда ўзининг Instagram саҳифасига елкасида ов қуроли, оёқлари остида эса ўнга яқин қуш акс этган суратларни ҳамда ов жараёни акс этган видеони жойлаганди. Спортчининг мазкур суратлари ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат 2022 йилнинг 30 декабрь куни Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги Сирдарё дарёсида содир бўлган. Фуқаро Х.У. томонидан қушлар овланган. Ўлжалар билан бевосита бошқа фуқаролар қаторида спортчи Фазлиддин Ғоибназаров ҳам фото ва видеотасвирга тушгани ўз тасдиғини топган.
Ўрганишлар давомида овни амалга оширган фуқаро Х.У.нинг ов қилишга тегишли ҳужжатлари мавжудлиги, у овчилик жамиятидан рўйхатдан ўтгани аниқланган Бироқ у ов жараёнида белгиланган меъёрларга амал қилмаган ҳолда ов қилиш қоидаларини қўпол тарзда бузгани ва бу билан табиатга зарар етказгани маълум бўлган.
Шу боисдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддасига асосан ҳуқуқбузарга нисбатан жарима ва ҳайвонот оламига етказилган зарар миқдори ҳисобланиб, ов қуроллари Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга белгиланган тартибда топширилган. Юқоридаги ҳолат юзасидан барча иштирокчилардан бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги тўғрисида тушунтириш хатлари олиниб, профилактик суҳбат ўтказилган.

Қўмита эълон қилган расмий муносабатда боксчи Фазлиддин Ғоибназаровнинг ўлжалар билан фақат суратга тушгани қайд этилган. Аммо спортчи Instagram саҳифасида эълон қилган ва кейинчалик ўчириб юборган видеода унинг ўзи ҳам ов қуролидан ўқ узиб, қушларни овлаётгани тасвирланган.
Шунингдек, Gazeta.uz мухбири Фазлиддин Ғоибназаров билан боғланганида, у ов қилганини тасдиқлаган.
«Эртага балиқ овласам ҳам, нега балиқ овладиларинг, деб ҳам ҳамма гапиради. Одамларга қўйиб берсаларингиз, тирноқ орасидан кир қидиради, тўғрими? [Қушлар] Қизил китобга киритилмаганку. Одамлар гапираверади, эътибор қилманглар», — деган спортчи.
Мавзуга доир: Қорақалпоғистонда браконьерлар «Қизил китоб»га кирган кийик ва қуёнларни ўлдириб, гўштини бўлаклади — фото
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилда икки айиқни овлашга ажратилган квота бекор қилингани ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Экоқўмита раиси нима сабабдан «Қизил китоб»га киритилган айиқни овлашга рухсат бергани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларни овлаш учун аризалар қабули қачон бошланиши айтилганди.