Саудия Арабистони Ҳаж ва Умрага қўйилган карантин чекловларини бекор қилди
Саудия Арабистони коронавирус пандемияси даврида Ҳаж ва Умра сафарига қўйилган чекловларни бекор қилди. Бу ҳақда Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Expo Hac 2023 очилиш маросимида сўзга чиққан Саудия Арабистони ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфик Ал-Робия маълум қилди, дея хабар берди Anadolu Agency.
Хабарда қайд этилишича, 2023 йил зиёратчиларга ёш чегараси қўйилмаслигини ва зиёратчилар сони эпидемиядан олдинги кўрсаткичда бўлишини таъкидлаган Ал-Робия бу қарорни «хушхабар» деб баҳолаган.
Шавкат Мирзиёев 2022 йил 29 сентябрь куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабия бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди. Суҳбат чоғида Ўзбекистон фуқаролари учун йиллик Ҳаж квотасини икки баробар — 24 минг нафаргача, Умра квотасини эса 100 минг нафаргача ошириш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаровнинг Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашувида Ҳаж ва Умра хизмати сифатини ошириш, зиёратлар нархини арзонлаштириш муҳокама қилинди.
