Сурхондарёда шифокор калтакланди — видео
Сурхондарё вилояти Бойсун тумани тиббиёт бирлашмасида шифокор калтаклангани акс этган видео тарқалди. Унда бир неча киши шифокорни урганини кўриш мумкин. Вилоят ИИБга кўра, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда
Сурхондарё вилояти ИИБ Бойсун туманида шифокор аёвсиз калтаклангани тасвирланган видео юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 9 январь куни соат 14:30 ларда Бойсун тумани «Косиблар» маҳалласида жойлашган Бойсун тумани тиббиёт бирлашмасида шифокор вазифасида ишловчи Ф.Ж.ни фуқаро Ш.Х. уриб, тан жароҳати етказиши оқибатида тиббиёт ходими ерга йиқилган.
Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари вақтида Ш.Х., Ш.Ҳ., Ф.Ж.га нисбатан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра, Ф.Ж. (шифокор)нинг олган тан жароҳати «енгил» тан жароҳати деб баҳоланган.
10 январь куни Бойсун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан фуқаро Ш.Ҳ. ва Ш.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-модда (безорилик) 2-қисмининг «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистонда тиббиёт ходимларини ҳам бодикамера билан таъминлаш таклиф этилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова қонунчиликка киритилаётган ўзгартишлар ҳақида фикр билдирганди.
«Тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳолатлар жамиятимиздаги иллатлардан бирига айланиб бораётгани жуда ачинарли. Бунинг олдини олишда энг самарали йўл ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, деб ҳисоблайман. Фикримча, башарти шахс айни вақтда жамоат тартибини бузаётгани ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим», — деган депутат.
Шу мақсадда Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи нормасига жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир қилганини назарда тутувчи қўшимча банд киритиш кераклиги таъкидланган.
Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади.
Шу билан бирга, кўчада тез ёрдам машинасига йўл бермаслик ҳолатларига нисбатан ҳам жарималар ҳажмини кўпайтириш кераклиги, хусусан, тиббиёт ходими, тиббий ёрдам каби тушунчаларга таъриф берилиб, тиббиёт ходимлари фаолиятига аралашганлик қонунчиликда тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланиши зарурлиги таъкидланган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда шифокорлар ва тез ёрдам ходимларининг калтакланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Хусусан, Риштонда тез ёрдам чақирган фуқаролар ёрдамга келган ходимни сабабсиз уриб, унга тан жароҳати етказганди. Тез ёрдам шифокори олган жароҳати сабабли шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.
Шунингдек, Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтакланганди. Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор аёл маст бемор томонидан, Андижонда ҳам бир шифокор калтаклангани маълум қилинган. Тиббиёт ходимини калтаклаш билан боғлиқ ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилган.