Тошкентдаги «Ипподром» бозорида соябонлар қор оғирлигини кўтара олмай қулаб тушди — видео
Тошкентдаги «Чилонзор буюм савдо комплекси» АЖ ҳудудидаги савдо растаси қаторидаги соябонлар (навес) қулаб тушгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 2023 йилнинг 10 январь куни Чилонзор туманида жойлашган «Чилонзор буюм савдо комплекси» АЖ ҳудудидаги 3-4 айвонлар ён томони ва 5-6 айвонлар орқа томонида йўлакларда ўрнатилган соябонлар (навес) қор қалин ёққанлиги сабабли оғирликни кўтара олмай эгилиб тушган. Шу ҳудуддаги фуқаролар ва тадбиркорлар уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эвакуация қилинди. Ушбу савдо дўконлари бозор маъмурияти билан ҳамкорликда вақтинчалик ёпилди. Ҳодиса Оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИБ фуқаролардан қор қалин ёғганлиги сабабли мустаҳкам бўлмаган тўсинлар, соябонлар ва бошқа мосламалар остида юрмасликни сўради.
Олдинроқ Тошкентдаги «новостройка»ларнинг бирида қурилиш крани қулаб тушгани, Бухорода қурилиши тугалланмаган бино қулаб тушгани, шунингдек, Қашқадарёдаги мактаб томи қулаб тушгани, Тошкентда 3 та автомобиль устига дарахт қулаб тушгани ҳамда Тошкентда метро бекати яқинидаги ерости йўлаги шифтининг бир қисми қулаб тушгани хақида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Наманганда масжид таҳоратхонаси девори қулаб тушди