Тошкентдан учадиган қатор авиарейслар кечиктирилди
Ноқулай об-ҳаво шароити сабабли айни пайтда Тошкент аэропортида қатор йўловчи рейслари кечиктирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, HY9685 Тошкент—Сочи маҳаллий вақт билан соат 10:12 да жўнаб кетган. Тошкент—Нукус, Тошкент—Истанбул рейслари эса мос равишда соат 10:30 ва 10:35 да амалга оширилган.
Шунингдек, қуйидаги рейслар ҳам кечириктирилди:
- HY271 Тошкент—Истанбул қатнови маҳаллий вақт билан соат 11:00 га;
- HY065 Тошкент—Термиз маҳаллий вақт билан соат 14:00 га қолдирилди.
Шунингдек, Uzbekistan Airways авиакомпанияси Андижон—Самарқанд—Андижон йўналиши бўйича HY049/HY050 рейслари ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинганини маълум қилди. Бухоро—Наманган—Бухоро йўналиши бўйича HY73/74 рейслари ҳам ноқулай об-ҳаво шароити туфайли бекор қилинган.
HY091/HY092 Тошкент—Андижон—Тошкент рейси эса ўзгартирилган жадвалга мувофиқ амалга оширилади. Тошкентдан учиш маҳаллий вақт билан соат 13:00 да амалга оширилади, Андижон аэропортига етиб келиш соат 14:00. Қайтиш рейси маҳаллий вақт билан соат 16:20 га белгиланган.
Бундан ташқари, Uzbekistan Airways HY9605 Самарқанд—Москва, HY639 Самарқанд—Санкт-Петербург йўналишидаги рейсларни об-ҳаво шароити туфайли соат 15:00 га қолдирган.
Шунингдек, Flydubai авиакомпаниясининг Самарқанд—Дубай йўналиши бўйича FZ770 рейси соат 19:00 га кўчирилган.
Компания хабарига кўра, ҳозирда Самарқанд аэропортида учиш-қўниш йўлагини тозалаш ишлари муносабати билан ҳаво кемаларини қабул қилиш/жўнатиш бўйича вақтинчалик чекловлар жорий этилган.
Аввалроқ 9 январь куни Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетиши ҳақида хабар берилганди. Бунинг натижасида собиб депутат Расул Кушербаев эса республикадаги барча таълим муассасаларидаги таътил муддатини узайтиришни таклиф қилганди.
Шундан кейин аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида ҳам навбатдан ташқари таътил эълон қилинди. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати барча фуқароларни бунга чора кўришга чақирди. Қайд этилишича, барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқиши керак. Меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаши зарур.