Ўзбекистонда таътил кунларида ҳам барча боғча ходимлари ишда бўлиши кераклиги маълум қилинди
Ҳокимлик рухсат бермаган мактабгача таълим ташкилотларининг ҳам барча ходимлари иш фаолиятини доимгидек давом эттиради. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Қўшимча таътил кунларида шароитига, иситиш тизимига қараб мактабгача таълим ташкилотларининг фаолият юритишига рухсат бериш ҳудудий ҳокимлар зиммасига юклатилган. Бунда ҳокимлик ўша тизимда кузатиладиган камчиликларга ҳам жавобгар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, уларнинг назоратидан яхши ўтган боғчаларгина иш фаолиятини юритиши мумкин.
Ҳокимлик рухсат бермаган мактабгача таълим ташкилотларида ҳам барча ходимлар иш фаолиятини доимгидек давом эттиради. Берилган қўшимча таътил даврида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари ўз ўрнида бўлади. Ташкилотнинг педагог кадрлари, таътил кунларидан унумли фойдаланган ҳолда, ўзининг йўналиши бўйича қўлланмалар, ўқитишнинг янги услублари, янги дидактик, ҳаракатли ўйинлар устида ишлаши лозим бўлади. Шунингдек, бошқа ходимлар ҳам ўз иш ўринларида бўлиши керак (ошпазлар бундан мустасно).
«Тизим бўйича эълон қилинган қўшимча таътил кунлари фақат тарбияланувчилар учундир. Ҳурматли ота оналар, таътил кунларида боғча фаолиятига тегишли ваколат марказий тизимдан ҳудудий ҳокимликларга юклатилганлигини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Ўзбекистонда 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланиши маълум қилинган. Андижон вилояти ҳокимлиги барча таълим муассасаларида, Хоразм вилояти эса мактабларда 11 январдан ўқиш бошланишини эълон қилди. Шунингдек, Сирдарё, Навоий вилоятларидаги ОТМларда, Тошкент вилоятидаги эса 77 та мактабда ўқиш бошланган.
Ўз навбатида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим жараёнларига масъул ҳудудий идораларни мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирган. Расул Кушербаев таълим муассасаларида, хусусан, мактабларда ўқишлар 11 январдан бошланиши ҳақидаги қарорга «қатъиятсиз ва оқибати чуқур ўйланмаган», дея изоҳ берганди.