Тошкентда тез ёрдам ходимларига жарималар келаётгани юзасидан текширув ҳаракатлари бошланди
Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчиларига жарима қоғозлари келишни бошлагани тўғрисида видеомурожаат тарқалганди. Ҳолат бўйича Учтепа тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув жараёнида ҳар бир иштирокчидан тушунтириш хатлари олинган
Тошкентда тез ёрдам ҳайдовчиларига жарима қоғозлари келишни бошлагани ҳақида хабар берилганди. Пойтахт ИИББнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги тез ёрдам хизмати ҳайдовчиларига чақирув бўйича ҳаракатланган вақтида маъмурий жарималар келаётгани тўғрисида видео тарқалди.
«Тез ёрдам секин борса, халқ бизга жаҳл қилмасин. Камералар тез ёрдам машиналарини ҳам аямаяпти — тезлик, ‘полоса’, қизил чироқ, ‘стопʼга жарималар келяпти», — деганди ҳайдовчилар.
Видеомурожаатдан кейин Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўшма баёнот берди. Унда тез тиббий ёрдам автомобилининг ҳайдовчиси Йўл ҳаракати қоидаларининг 25-банди асосида белгиланган тартибда айрим қоидаларнинг талабларидан четга чиқиши мумкинлиги айтилган. Бундай ҳолатда махсус камералар орқали автомобиль қайд этилган тақдирда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш тугатилади.
«Тез тиббий ёрдам хизмати ҳайдовчилари томонидан чиқарилган видеомурожаат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув жараёнида ҳар бир иштирокчидан тушунтириш хатлари олинган, уларнинг важлари тўлиқ текширилиб, ҳолат ҳар тарафлама ўрганилади. Терговга қадар текширув якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъмиланади», дейилади хабарди.