«Лойиҳачиларнинг асосий мақсади йўлни таъмирлашга кўпроқ пул олиш бўлгандир». Урбанист Келес йўлини таъмирлаш лойиҳасини танқид қилди
Таниқли урбанист, транспорт бўйича мутахассис Аркадий Гершман Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Келес йўлини таъмирлаш лойиҳасини кескин танқид қилди.

«Жамоат транспорти учун ажратилган йўлак полосадан бурилишга киради — автобуслар охирги сонияда машиналар оқимига қўшилишига тўғри келади. Умуман олганда, белгиларни ўрнатиш ва А-разметкаларни ўрнатиш билан вазият яхши бўлиб қолмайди.
Бунда ерни ўзлаштириш керак бўлади. Зеро, кўча бўйидаги мавжуд дарахтлар ўрнини асфальт-бетон эгаллайди. Манзарали ўсимликлар соя бермайди, бу эса Тошкент иқлими шароитида жуда зарур. Пиёда ва велосипедчиларнинг расмларига эса одамнинг кулгуси келади, чунки ақли расо одам соя бўлмаса юрмайди. Аксига олиб, келажакда бу ерда дарахат экиб бўлмайди, боиси коммуникация тармоқлари тротуар остидан ўтказилади, қўриқланадиган ҳудудда эса дарахт экишга рухсат берилмайди. Бундан ташқари, ариқларга ҳам юклама ошади, чунки сув асфальт ва бетон орқали сизиб ўтолмайди.

Ҳамма жойдан стоп-линиялар ўтган, бунинг оқибатида светофорнинг ҳар бир фазасини узайтириш талаб этилади, сабаби машиналар узоқ масофани босиб ўтишига тўғри келади. Оқибатда ҳамма яшил чироқни кўпроқ кутишига мажбур бўлади. Бу эса йўлнинг ўтказиш қобилиятини пасайтиради. Хавфсизлик оролчалари ҳақида ўйланмаган ҳам.

Янги полосалар ҳам кераксиз жойда пайдо бўлиб қолган. Балки лойиҳачиларнинг асосий мақсади йўлни таъмирлашга кўпроқ пул олиш бўлгандир. Ўйлаб кўринг, светофорнинг бир фазасида кўчада 3 қатор машина, иккинчи фазада икки қатор машина юраётган бўлса, светофордан сўнг 5 полоса қилиш керакми? Албатта, йўқ, чунки ўша вақтда учта полосада трафик бўлади. Бу фақатгина битта мисол», — деб ёзади Гершман.

Урбанистнинг фикрича, бу машиналар учун йўлни кенгайтиришни қандайдир замонавий нарса билан шамғалат қилишга уринишдир. Автобус ва пиёдалар устуворлиги тилга олингани эса шунчаки эртак.

Шунингдек, у марказдан тезюрар автобус учун коридор қўйиш, дарахт экиш ҳамда йўлни ҳамма учун қулай ва хавфсиз қилиш мумкинлигини, аммо пойтахт ҳокимияти бунга тайёр эмасга ўхшаганини қўшимча қилди.