Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцион ҳолатлар бўйича мурожаатларни вазирнинг шахсий рақамига ҳам юбориш мумкин
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томонидан 2023 йил тизимда «Коррупцияга қарши кураш йили» деб эълон қилингани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда Иноятовнинг (91) 403 17 73 шахсий телефон рақами орқали соҳадаги коррупциявий ҳолатлар юзасидан аниқ факт ва далилларга асосланган мурожаатларни юбориш мумкин бўлди, дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.
Шунингдек, фуқаролар ўз мурожаатларини қуйидаги платформалар орқали ҳам йўллаши мумкин:
- вазирлик қошида куну тун фаолият олиб борувчи «1003» қисқа рақамли «Сall-марказ»;
- Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари қошида мунтазам фаолият юритувчи «1003» қисқа рақамли «Сall-марказ»лар;
- вазирликнинг янги ишга туширилган расмий Telegram боти;
- барча туман тиббиёт муассасаларининг фуқаролар гавжум бўладиган жойларига ўрнатилган ва тиббиёт маскани раҳбари билан боғланиш имконини берувчи «тўғридан-тўғри алоқа» линиялари;
- вазирлик расмий веб-сайтида аҳолидан келиб тушаётган саволларга тезкор жавоб беришга мўлжалланган Jivo иловаси.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай коррупцион ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлади ва фуқароларнинг ҳеч бир мурожаати эътибордан четда қолмайди», дейилади вазирлик ахборотида.
Мавзуга доир: Президент фармони билан янги тайинловлар амалга оширилди
Таъкидлаш керакки, Соғлиқни сақлаш вазирлигига Алишер Шодмонов раҳбарлик қилган даврда, яъни 2020 йил ҳам «Коррупцияга қарши кескин кураш йили» дея эълон қилинганди. Унда 2018−2019 йилларда тизимда 500 нафардан ортиқ ходим жиноий жавобгарликка тортилгани, уларнинг 114 нафари коррупциявий жиноятларни содир этгани келтирилганди.
Ўз навбатида 2022 йилнинг апрелида Беҳзод Мусаев ҳам ССВ тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш режаси бўйича маълумот берганди. Собиқ вазир ўз сўзида ҳозирги кунда коррупцияга мойил соҳаларнинг учтадан биттаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлиб қолаётганини қайд этган эди. «Биз учун бу жуда уятли ва ачинарли хол», — деган Беҳзод Мусаев.
Амрилло Иноятов 2020 йилнинг ноябрь ойидан 2022 йилнинг 30 декабригача соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган. Лавозимга тайинланган Амрилло Иноятов Янги йилга ўтар кечаси пойтахтдаги даволаш муассасаларига борган ва шифохоналардаги муаммоларни кабинетда ўтириб ҳал қилиб бўлмаслигини айтганди. Иноятовдан олдинги вазир Беҳзод Мусаев ҳам фаолиятини айнан шундай бошлаганди.