Ўзбекистонда ота-онаси хорижга кетган болаларга васий ёки ҳомий тайинланади
Ўзбекистонда 3 ойдан ортиқ муддатга ота-онаси хорижий давлатга кетаётган болаларга васий ёки ҳомий тайинлаш жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига асосан, вояга етмаганларга жинсий тажовуз қилганлар амнистияга тушмайди, таълим ва тиббиёт муассасаларида ишлаши тақиқланади, бировнинг шахсий фото-видео ва ёзишмаларини тарқатиш билан шантаж қилиш учун жиноий жавобгарлик бўлиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тоифаси аниқлаштирилиб, уларнинг ҳуқуқлари кафолатлари ва давлат ҳимояси кучайтирилмоқда. Хусусан, 3 ойдан ортиқ муддатга ота-онаси хорижий давлатга кетаётган болаларга нисбатан васий ёки ҳомий тайинланиши жорий этиляпти.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз шахслар ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан «ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш» тарзидаги янги жазо тури жорий этилмоқда. Алимент бўйича мажбуриятларга эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилмаслиги белгиланмоқда.
Мазкур лойиҳада АҚШ, Буюк Бринтания, Канада, Германия, Бельгия, Португалия, Сингапур каби илғор хорижий давлатлар тажрибаси асосида болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш, оила институтини мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга қаратилган бир қатор янги таклифлар илгари сурилмоқда.
Аввалроқ 18 ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш, унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, фоҳишаликка жалб қилиш, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаш учун жавобгарлик кучайтирилаётгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: «Бутун дунёда ишлаётган механизмлар нимагадир бизда ишламаяпти» — Шаҳноза Соатова аёлларга нисбатан зўравонликлар ҳақида
Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонлик қурбони бўлган 32 минг 783 нафар аёлга ҳимоя ордери берилган. Мамлакатда безорилик ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингтаси — оилада, 3 мингдан ортиғи — кўчада, 1 мингдан ортиғи — жамоат жойларида, 81 таси — таълим муассасасида, 429 таси ишҳонада содир бўлган. UNICEF Ўзбекистонда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликни тўхтатиб, жамиятнинг бундай ҳолатларига муносабатни ўзгартиришга чақирганди.