Тошкентнинг айрим туманларида иситиш тизимида муаммолар юзага келмоқда
Пойтахтда совуқ об ҳаво боис газ босимининг пасайиши оқибатида иссиқлик ташувчи тизимларда муаммолар кузатилмоқда. Айрим йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажмлари қисқартирилиб, аҳоли, электр ҳамда иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газ етказиб бериш чоралари кўрилмоқда
Тошкент шаҳрининг айрим туманларида иситиш тизимида муаммолар кузатилмоқда. Бу ҳақда Veolia Energy Tashkent МЧЖ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, совуқ об-ҳаво сабабли иссиқлик ташувчининг (иссиқ сув таъминоти ва иситиш) параметрлари пасайган, бу эса шаҳарда газ босими пасайиши билан боғлиқ ҳолат ҳисобланади.
«Шаҳарнинг баъзи туманлари аҳолиси Veolia Energy Tashkent МЧЖга мурожаат қилиб, иссиқлик таъминотидаги муаммолар тўғрисида хабар бермоқда. Кризис ҳолатларни енгиб ўтиш ва шаҳар аҳолисини ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга инфратузилмаларни иссиқлик таъминоти билан таъминлаш учун энергоресурслар етказиб берувчилар билан Veolia Energy Tashkent МЧЖ ХК мутахассислари кечаю кундуз ишламоқда», — дейилади хабарда.
Газ таъминоти корхоналари — айрим йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажмларини қисқартириш ва аҳоли, электр ҳамда иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар («Тошкент иссиқлик маркази» ДУК, «Тошкент ИЭС» АЖ ва Veolia Energy Tashkent МЧЖ ХК) ва ижтимоий соҳа объектларига табиий газни биринчи навбатда етказиб бериш чораларини кўрмоқда.
Иссиқлик ишлаб чиқарувчи корхоналар — шаҳар иссиқлик энергиясининг 90 фоизини ишлаб чиқарадиган иссиқлик марказларининг самарадорлигини сақлаб қолиш, гидравлик режимнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик учун берилаётган иссиқлик энергияси босимини тиклашга ҳаракат қилаётгани айтиб ўтилган.
Электр таъминоти корхоналари — Veolia Energy Tashkent МЧЖ ХКга қарашли ижтимоий соҳа объектлари бўлган ва шаҳар иссиқлик энергиясининг 10 фоизини ишлаб чиқарадиган махаллий қозонхоналарни узлуксиз иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун иш олиб борилаётгани таъкидланган.
«Совуқ об-ҳаво мавсумида зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергиясини етказиб бериш учун тўловлар амалдаги қонунчилик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилади», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз аввалроқ Шавкат Мирзиёев совуқ ҳаво таъсирини беталафот ўтказиш бўйича масъулларга топшириқ берганди. Шундан сўнг Жаҳонгир Ортиқхўжаев аномал совуқ кунларида мутасаддиларни бунга чора кўришга чақирган бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги аномал совуқдан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берган. Ўз навбатида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳам барча фуқароларни аномал совуқга тайёрланишга чақирган.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.