«Тошкентдаги авариявий ҳолатларни бартараф этиш учун республика бўйлаб қўшимча кучлар сафарбар этилди» — ҲЭТ
Совуқ об-ҳаво туфайли аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ошиши оқибатида электр таъминотига меъёридан ортиқ юкламалар келиб тушмоқда. Пойтахтнинг айрим туманларида электр тармоқларидаги авариявий ҳодисалар айнан шундай юкламалар сабабли юзага келмоқда
«Ҳудудий электр тармоқлари» Тошкент шаҳар Юнусобод тумани аҳолиси электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабаб электр тармоқлари корхонаси олдида тўплангани тасвирланган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда электр таъминотидаги узилишлар сабаб аҳоли вакиллари Юнусобод тумани ҳудудий электр тармоқлари корхонаси яқинида йиғилгани акс этган видео тарқалди.
Қайд этилишича, республикада кузатилаётган совуқ шароит туфайли аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ошиши ҳамда кузатилаётган аномал ҳарорат сабаб хонадонларга берилаётган газ босими ҳамда иссиқлик таъминоти ҳароратининг тушиб кетиши оқибатида электр таъминотига меъёридан ортиқ юкламалар келиб тушмоқда.
Тошкент шаҳрининг айрим туманларида юзага келаётган электр тармоқларидаги авариявий ҳодисаларнинг асл сабаби айнан шундай юкламалар сабабли вужудга келмоқда.
«Бугун Юнусобод тумани фуқаролари ҳам электр энергиясияда вужудга келаётган узилишлар сабаб туман электр таъминотига тўпланишган. Аҳолига тушунтириш берилган ҳамда одамлар тарқалган», дейилади муносабатда.
Тошкент шаҳрида вужудга келган авариявий ҳодисларни тезкор бартараф этиш мақсадида 14 январь куни «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг республика бўйлаб барча ҳудудий филиалларидан қўшимча кучлар сафарбар этилган.
Gazeta.uz’нинг ёзишича, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани 11 даҳа (Megaplanet орқа тарафидаги маҳалла) 26, 27, 29, 30 уйларда 13 январь соат 7:00 да электр энергияси ва газ таъминоти ўчирилган. 14 январь соат 12:15 ҳолатига кўра ушбу уйларда электр ва газ таъминоти тикланмаган. Аслида «свет» ва газдан узилиб қолган уйлар бундан анча кўпроқ бўлиши мумкин.
Мавзуга доир: Энергетика вазирлиги аномал совуқ туфайли саноат корхоналарига газ етказиб беришни камайтирди
Декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳрнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилмоқда — коммунал хизматлар мавжуд газ заҳирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаяпти.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.