16:39 | 15.01.23 198

Бухоро шаҳридаги туризм маркази шаҳарнинг бошқа ҳудудида қурилади

Бухоро вилояти ҳокимлиги жамоатчилик норозилигига сабаб бўлаётган шаҳар марказида қурилиши режалаштирилган туризм марказини фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда бошқа ҳудудга кўчирилишини маълум қилди

Аввалроқ Bugun.uz’нинг ҳукуматдаги манбалари Шавкат Мирзиёев жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлган Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилган туристик марказ қуришни тўхтатишга шахсан топшириқ бергани, шунингдек, «Бухоро» футбол клубига тегишли бўлган стадион бузилмаслиги ҳақида хабар берилганди. Бухоро вилояти ҳокимлиги туризм маркази қурилиши бошқа ҳудудга кўчирилишини тасдиқлади.

Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, бугунги кунда «Бухоро туризм маркази» лойиҳаси дастлабки босқичда тайёрланмоқда. Лойиҳа пухта ишлаб чиқилгандан сўнг тегишли тартибда барча келишувлардан ўтказилади.

Мазкур лойиҳа бўйича кенг жамоатчилик ва фуқаролар фикрини инобатга олиб, бошқа мақбул ер майдонлари танланади. Шунингдек, UNESKO умумжаҳон марказининг тегишли хулосаси олинган ҳолда, якуний қарор қабул қилинади ва шундан сўнг қурилиш ишлари бошланади.

Аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири журналистлар учун ташкил қилинган матбуот анжуманида Бухоронинг марказий қисмида туристик марказни қуриш ҳозирча лойиҳа ҳисобланаётгани ҳақида маълум қилганди.