Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган аномал совуқ озиқ-овқат нархларига таъсир кўрсатди
Ўзбекистонда кузатилаётган аномал совуқ об-ҳаво туфайли айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида ўсиш кузатилди. Бу ҳақда EastFruit хабар берди.
Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган аномал совуқ об-ҳаво айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ошишига сабабчи бўлди. Маълумотларга кўра, 2023 йил 6 январдан 13 январгача республика бўйлаб иссиқхона ва бошқа турдаги сабзавотларнинг ўртача улгуржи нархилари кўтарилган. Хусусан, иссиқхонада етиштириладиган маҳсулотлар 9 фоиздан 17 фоизга, картошка, пиёз ва сабзи нархлари эса 12 фоиздан 21 фоизгача ошган. Шунингдек:
- иссиқхона қалампири — 30 минг сўмдан 35 минг сўмгача;
- иссиқхона помидори — 15 минг сўмдан 17 минг сўмгача;
- картошка — 4 минг сўмдан 4,5 минг сўмгача;
- пиёз — 5 минг сўмдан 6 минг сўмгача;
- сабзи – 3,3 минг сўмдан 4 минг сўмгача.
Шунингдек, маълум қилинишича, иссиқхона бодрингларининг ҳозирги нархи рекорд даражага етган. Жумладан, 13 январь ҳолатига кўра, иссиқхона бодрингининг ўртача улгуржи нархи 35 минг сўмни ташкил этган. Бу 2020-2022 йилларнинг шу санасига нисбатан қарийб икки баравар қимматдир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйича озиқ-овқат нархлари пасайгани, Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича 10 та мамлакат ичида биринчи ўринни эгаллагани, Қиш-баҳор мавсумида аҳоли эҳтиёжлари учун қанча миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кераклиги маълум қилингани, Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги жамғармалари қишда аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаши, OPEC жамғармаси Ўзбекистон учун 50 млн доллар кредит ажратиши, Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун 100 млн доллар олиши ҳамда Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги озиқ-овқат нархлари бўйича маълумот берилгани ҳақида хабар берилганди.