Шавкат Мирзиёев Сингапурга боради
Шавкат Мирзиёев 16-18 январь кунлари давлат ташрифи билан Сингапурга боради. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг таклифига биноан 16-18 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади. Ташриф дастурига мувофиқ Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва мамлакат Бош вазири Ли Сянь Лун билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, кун тартибидан кўп қиррали Ўзбекистон-Сингапур муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ўрин олган.
Бундан ташқари, ташриф доирасида савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация ва транспорт-коммуникация соҳаларида, шунингдек, давлат бошқаруви ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади ҳамда ушбу йўналишларга доир икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами музокаралар якунида имзолаш учун тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Сингапурнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Маълум қилинишича, ташриф арафасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес форуми бўлиб ўтади.
Аввалроқ Путин Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали суҳбатлашгани, Ўзбекистон президенти МДҲ саммитида иштирок этгани ҳамда Шавкат Мирзиёев Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агнетлиги раҳбарини ишдан олгани ҳақида хабар берилганди.