Бугун оқшоми. Ишдан олинган Ортиқхўжаев, онлайн ишлашга чақирган Энергетика вазирлиги, 4 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашлар
@bugunoqshomi — бир кунда бир марта бериладиган хабарлар канали
Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳри ҳокими лавозимидан олинди
Душанба тонги қайноқ хабарлар билан бошанди. Тошкент шаҳри ҳокими лавозимида 5 йил давомида фаолият юритган Жаҳонгир Ортиқхўжаев Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилишда вазифасидан озод қилинди.

Мирзиёев Ортиқхўжаевнинг бўшатилиши ҳақида гапирар экан «вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон сводка билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим», дея таъкидлаган.
Давлат раҳбари пойтахтнинг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга умуман тайёр эмаслигини танқид қилди. Ортиқхўжаевдан ташқари энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев, «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Фарҳод Абдурахмонов, «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари Мустафоев, «Узтрансгаз» раҳбари Норматов ва «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Абдуллаев ҳам ишдан олинди. Мустафоев, Норматов ва Абдуллаевларга вазифасини бажарувчи сифатида 3 ойлик синов муддати белгиланди.
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек, Учтепа, Юнусобод туманлари, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри ҳокимларига «ҳайфсан» берилди. Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев қатъий огоҳлантирилди.
Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев Тошкент шаҳри прокурори этиб тайинланди.

Ортиқхўжаевнинг ўрнига унинг биринчи ўринбосари Бахтиёр Абдураҳмонов шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Шавкат Мирзиёев лавозимидан озод қилинган раҳбарларнинг фаолиятини текширишни Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага топширди.
Бу орада ижтимоий тармоқларда Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 16 январь куни тонгда мамлакатни тарк этмоқчи бўлиб, оиласи билан Туркияга учиб кетаётган вақтда ДХХ томонидан тўхтатиб қолингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Турли Telegram каналларда эса Ортиқхўжаевнинг Тошкент халқаро аэропортида 14 январь куни олинган видеоси ҳам сиздирилди.
Шавкат Мирзиёев раҳбарларга энергоинқироз оқибатларини бартараф этиш вазифасини қўйди
Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Арипов ва Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовларга мавжуд ресурсларни адолатли тақсимлаган ҳолда, бор имкониятни ишга солиб, муаммоли маҳаллаларда одамларга ёрдам кўрсатадиган тизим яратиш бўйича топшириқ берди.

Газ йўқ жойларга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш, икки ой ичида чет элдан малакали мутахассисларни чақириб, бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнлари бўйича ишларни рақамлаштириш вазифасини қўйди.
«Саховат ва кўмак» жамғармасига ёлғиз қариялар, кўп фарзандли эҳтиёжманд оилаларга иссиқ кийим, озиқ-овқат тарқатиш, энг оғир ҳолларда уларни шароити бор жойларга жойлаштириш, маҳаллаларда иссиқ овқат тарқатиш пунктларини ташкил этиш топширилди.
Ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-наво тартибга солиш, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарлари ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
«Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман», — дейди давлат раҳбари бугун ўтказган йиғилишида.
Президентнинг Сингапурга давлат ташрифи муддати қисқартирилди
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 16-18 январь кунлари Сингапурга давлат ташрифи билан бориши ҳақида хабар берилганди. Давлат раҳбари ҳозирги энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган ҳолат сабаб ташрифини 3 кундан бир кунга қисқартирганини маълум қилди.

Шунингдек, президент энергетика тизимидаги коррупцион ҳолатларни йўқ қилиш бўйича ДХХ ва Бош прокуратурага алоҳида топшириқлар берди. Мирзиёев Сингапурга ташрифи ҳақида гапирар экан, ушбу мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича тажрибасини ўрганиш кераклигини ҳамда 4,7 миллиард долларгача қўшимча инвестиция жалб қилиш режалаштирилгани учун ҳам бу ташриф муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Хусусан, самарасиз ишлаётган давлат корхоналарини хусусийлаштиришга ҳам инвестициялар жалб қилинади
Ўзбекистонга Туркманистондан газ импорти тўлиқ тўхтатилди
Энергетика вазирлиги Туркманистонда 12 январь куни аномал совуқ туфайли юзага келган авариавий ҳолат ортидан Ўзбекистонга газ етказиб бериш бутунлай тўхтатилганини маълум қилди. Оқибатда мамлакатга импорт қилинадиган газ ҳажми 20 фоизга камайган. Табиий газ биринчи навбатда аҳоли хонадонларига ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб берилаётгани сабаб йирик саноат корхоналарига энергия етказиб бериш ҳажми 70-80 фоизга қисқаргани таъкидланди.

Аҳолининг электр энергияси истеъмоли энг юқори кўрсаткичга — 250 миллион киловатт/соатга етгани, шу билан бирга, газ истеъмоли умумий қазиб олинаётган табиий газ ҳажмидан юқорилигича қолаётгани айтилган.
Иссиқлик электр станцияларида эса табиий газ ўрнига ёқилаётган мазут ҳажми режага нисбатан 3 баравар кўплиги маълум қилинган.
Электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши сабаб, тизимга нисбатан юкламалар ортиб кетган ва Тошкентнинг ўзида мингдан ортиқ носозликлар юзага келган. Вазирлик бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида корхона ва ташкилотлар ходимларига вақтинчалик онлайн режимга ўтиш, аҳолига биттадан ортиқ электр иситиш мосламаларидан фойдаланмаслик, ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш кабиларни тавсия қилган.
Сирдарё ва Сурхондарёда содир бўлган портлашларда 4 киши ҳалок бўлди
Сирдарё вилояти Ховос тумани «Қаҳрамон» МФЙда 15 январь куни 14:50 ларда содир бўлган портлаш оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, яна бир киши тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Қайд этилишича, портлаш икки қаватли уйнинг биринчи қаватида юзага келган. Воқеа жойига вилоят ҳокими ва тегишли масъуллар етиб борган.

Шунингдек, 16 январь куни соат 11:30 ларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Термиз давлат университети лицейининг қозонхонасида содир бўлган портлашда ҳам икки киши ҳалок бўлди. Маълум қилинишича, қозонхона ташқи томон қувурларининг музлаб қолиши туфайли ортиқча буғ тўпланиб, ички босим юқори даражада ортиб кетган ва натижада портлаш содир бўлган.
Портлаш зарбидан яқин атрофда ишлаётган икки ходим ҳалок бўлган, яна бир киши тан жароҳати олганлиги сабабли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий-амалий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилган.
Воқеа жойига вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиқлари ҳамда бошқа масъуллар, шунингдек, тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Совуқ об-ҳаво сабаб «Афросиёб» поездининг бешта рейси бекор қилинди
Мамлакат миқёсида давом этаётган аномал об-ҳаво туфайли ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент—Бухоро—Тошкент йўналишида «Афросиёб» тезюрар поездининг 16-20 январь кунларидаги бешта рейси бекор қилинди.
«Ўзбекистон темир йўллари» йўловчилар томонидан сотиб олинган чипталар юз фоиз қийматда қайтарилишини маълум қилган.
Ўзбекистонда тўқимачилик корхоналарига электр истеъмоли учун 1 ойлик олдиндан тўлов талаби бекор қилинади
Ўзбекистонда тўқимачилик корхоналарига қўйилган электр истеъмоли учун 1 ойлик олдиндан тўлов бекор қилинади.
Маълум қилинишича, Президентнинг тегишли фармони билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарига электр энергияси истеъмоли учун бир ойлик олдиндан тўлов талаби бекор қилинади.
Фармонга кўра, газлама, трикотаж мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорт қилувчи корхоналарни маблағ билан таъминлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар 3 йил муддатга йиллик 4 фоиз ставкада ажратилади.
Қайд этилишича, соҳа корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш учун 2023 йил 1 апрелгача 2 йил муддатга 500 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий молиявий ташкилотлар маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилади.
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан хорижда савдо уйи ва дўконини ташкил этиш учун алоҳида қарорларсиз йилига 100 минг АҚШ долларигача маблағни чет элга ўтказишга рухсат берилади.
Йил якунига қадар Андижон, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида тўқимачиликка ихтисослашган кичик саноат зоналари ҳамда Тошкент вилоятида тўқимачилик ва чарм саноати маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган индустриал технопарк ташкил этилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 апрелгача талаб юқори бўлган профессионал касблар (тикувчи, бичувчи, йигирувчи, механик) йўналишида дуал таълим тизимида мутахассислар тайёрлаш ва хорижий (Германия, Туркия) таълим дастурларини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Наманган вилоятларида амалга оширади.
Бундан ташқари, 2023/2024-ўқув йилидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида тўқимачилик саноатида талаб юқори бўлган мутахассисларни (муҳандис, технолог, дизайнер, маркетолог) тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилади.
Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.