«Ўзбекистонда яқин 10 йил ичида ЯИМ 160 млрд долларга етказилади» — Лазиз Қудратов
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Ўзбекистон—Сингапур бизнес форумида яқин 10 йил ичида мамлакатнинг экспорт ҳажми 30 миллиард долларга етишини маълум қилди.

Қудратовнинг сўзларига кўра, қулай инвестициявий муҳит яратишга қаратилган ислоҳотлар натижасида ўтган йили Ўзбекистон иқтисодиёти 5 фоизга ўсган. 2023 йилда мамлакат иқтисодиёти ўсишда давом этади ва 5 фоиздан ошади.
«Ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида яқин 10 йил ичида ялпи ички маҳсулот икки маротаба – 160 миллиард долларгача, йиллик экспорт ҳажми эса икки баробарга ошиб, 30 миллиард долларга етади. Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ҳам 80 фоизни ташкил этади.
Биз ўз олдимизга 2030 йилга бориб мамлакатимизни дунёнинг ўртача даромадга эга давлатларидан бирига айлантиришни аниқ мақсад қилиб қўйганмиз. Бу мақсадларга эришиш учун бизда хоҳиш — ирода ҳам, имконият ҳам етарли», — деди инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов.
Шавкат Мирзиёев 16-18 январь кунлари Сингапурга давлат ташрифи билан бориши ҳақида хабар берилганди. Президент 16 январь куни энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳволни инобатга олиб Сингапурга ташриф давомийлиги 3 кундан 1 кунга қисқартирилишини таъкидлади.