18:17 | 17.01.23 478

АҚШ Ўзбекистон ДХХ чегара қўшинларига 200 дан ортиқ инфрақизил монокуляр тақдим этди

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник мамлакат Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига 225 дона FLIR инфрақизил монокуляр тақдим этди. Чегара қўшинлари номидан ускуналарни полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олган

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник мамлакат Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига 225 дона FLIR инфрақизил монокуляр тақдим этди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар берди.

Фото: АҚШ элчихонаси матбуот хизмати

Маъдум қилинишича, чегара қўшинлари номидан ускуналарни полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олган. Ушбу кузатув ускуналари АҚШ Давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинди. Қиймати 600 минг долларга тенг ускуналар АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.

Фото: АҚШ элчихонаси матбуот хизмати

Қайд этилишича, 2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон илк бор мудофаа соҳаси ва қуроллар тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни имзолагандан буён икки мамлакат ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тўла ҳуқуқли шерик бўлиб келмоқда.

«Бугун биз ҳамкорлигимизнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз ва умид қиламизки, ушбу топширилаётган кузатув ускуналари Ўзбекистон давлат чегарасини муҳофаза қилиш ва ‘яшил чегара’ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтариш имконини беради», дейилади элчихона хабарида.

Маълумот учун, Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси 1994 йили ташкил этилган бўлиб,  АҚШ ҳукуматига зудлик билан қарор қабул қилишни талаб этувчи қурол тарқалишининг олдини олиш ва қуролсизланиш соҳасидаги кутилмаган ва мураккаб вазиятларда оператив жавоб қайтаришга имкон яратади. Ушбу жамғарма ишни ишончли, хавфсиз ва тежамкорлик билан амалга оширишда стратегия ишлаб чиқиш, музокаралар олиб бориш, дастурларни бошқариш, молиявий операциялар ва шартномаларни бажариш бўйича катта тажрибага эга.

Аввалроқ АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Пол Полетес бошчилигида 14 декабрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Сейсмологик прогнозлаш мониторинги марказига (СПММ) бир тоннага яқин сейсмик ускуна етказиб берганди. Шунингдек, Қўшма Штатлар ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга 23 ноябрь, чоршанба куни қиймати 410 минг долларга тенг бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини тақдим этди.