Бахтиёр Раҳмонов Ортиқхўжаевнинг ёрдамчисини ишдан олди
Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси Музаффар Абдураҳмоновни ишдан бўшатди. Ушбу қарор Бахтиёр Раҳмонов ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида имзолаган биринчи ҳужжат бўлди.

Ҳужжатда айтилишича, Абдураҳмонов билан тузилган меҳнат шартномаси 13 январь куни ўз илтимосига кўра бекор қилинган. У 2021 йилдан буён ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаб келган. Бундан ташқари, Абдураҳмонов 2018 йилда Тошкент шаҳар Солиқ бош бошқармасида Солиқ ҳуқуқбузарликларининг профилактикаси бўлими бошлиғи, «Фарҳод деҳқон» бозори Кузатув кенгаши аъзоси сифатида ҳам фаолият юритган.
Шунингдек, Музаффар Абдураҳмонов Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг энг яқин кишиларидан бири бўлиб, пойтахт ҳокимлигининг (ер участкалари, бинолар, бозорлар) муниципал йўналишини бошқарган эди.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилгани ҳамда Шавкат Мирзиёев Ортиқхўжаевни нима учун ишдан олганини тушунтиргани ҳақида хабар қилинганди.
