Чирчиқда аҳоли «свет» йўқлиги туфайли йўлни ёпиб қўйди
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг 8-кичик туманида жойлашган «Ҳумо» маҳалласи аҳолиси 16 январь куни электр энергияси таъминоти узилганига анча бўлгани боис автомобиль йўлини ёпиб қўйди. Ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди.

Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, шу куни кечга бориб маҳаллага шаҳар ҳокими Даврон Хидоятов бошчилигидаги бригада етиб борган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода Даврон Хидоятов аҳолидан кечирим сўраб, аномал совуқ боис электр энергияси истеъмоли ортиб кетгани ва кўплаб жойларда авариялар юз бераётганини таъкидлаган.
«Ҳумо» маҳалласида электр таъминотидаги узулишлар бартараф этилган. Янги трансформатор олиб келинган ва электр энергияси таъминоти тикланган. Чирчиқ ҳокимининг айтишича, маҳаллада чироқ «энди умуман ўчмайди».

Маҳалла аёллари ҳокимдан кўчага чиқишга мажбур бўлганликлари учун ҳафа бўлмаслигини сўраган. Видеонинг орқа планида гулхан атрофига тўпланган инсонларни кўриш мумкин.
Аввалроқ қиш мавсумига тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилганди. Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилди ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдураҳмонов лавозимидан озод этилган.
Мавзуга доир: Энергетика вазирлиги корхона ва ташкилотлар ходимларини онлайн иш режимига ўтказишга чақирди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ энергетика вазирлиги энерготизимда режали чекловлар киритилмаса Ўзбекистон жиддий талафот кўриши мумкинлигини айтгани, Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилгани, Ўзбекистонда давлат ташкилотлари машиналарига метан газ қуйиш тақиқлангани ҳамда Тошкентдаги кўча чироқларини ўчириш бошлангач қанча электр энергияси тежалаётгани ҳақида хабар берилганди.
