Ўзбекистонда мактаб ва боғчалар об-ҳаво яхшилангунга қадар онлайн тизимга ўтказилиши мумкин
Мактабгача ва мактаб таълими вазири маҳаллий ҳокимликлар билан III чоракни бошлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари билан Zoom видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтган йиғилиш кун тартибига ҳудудларда мактабларнинг III чоракни бошлашга тайёргарлиги масаласи қўйилган.
Жумладан, вазир маҳаллий ҳокимликларга жойлардаги умумтаълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолатини яна бир бор қайта таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлаган.
«Айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқувчиларни об-ҳаво шароитлари барқарорлашгунига қадар вақтинча онлайн таълим тизимига ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда», дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги боғча, мактаб ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида қишки таътил 22 январга қадар узайтирилган.
Бундан олдин Тошкент шаҳридаги таълим муассасалари — мактаблар, лицей ва коллежлар ҳамда олий таълим даргоҳларида ўқиш 23 январдан бошланиши маълум қилинганди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини маълум қилганди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни билан ОТМ, техникум, коллеж, касб ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилган.
Андижон вилояти ҳокимлиги барча таълим муассасаларида, Фарғона вилоятидаги 12 та олий таълим муассасида, 76 та техникум, коллеж ва касб-ҳунар мактабларида, Хоразм вилояти эса мактабларда 11 январдан ўқиш бошланишини эълон қилди. Аномал совуқ кузатилиши айтилганига қарамай, таълим муассасаларидаги таътилларнинг бундай кутилмаганда бекор қилиниши ижтимоий тармоқлар фаолларининг кескин норозиликларига сабаб бўлди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим жараёнларига масъул ҳудудий идораларни мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирганди. Шундан кейин республиканинг 5 та ҳудудида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди.