Ўзбекистонда ёнғинлар сони икки баробар ошди
Ўзбекистонда 2023 йилнинг 15 январигача юз берган ёнғинлар сони 2022 йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар ошди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Мавлон Досчанов маълумот берди.
Қайд этилишича, ёнғин келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда аҳоли яшаш жойларидаги ёнғинлар газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланишда техника, ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаслиги оқибатида келиб чиқаётгани маълум бўлган.
«Об-ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида газ, электр ва бошқа турдаги муқобил ёқилғи иситиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ортиб боради. Бундай пайтларда иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлиши ҳамда ёнғинлар билан боғлиқ турли фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин», — дейди ФВВ бошқарма бошлиғи ўринбосари.
Аввалроқ Бухорода икки қаватли савдо мажмуасида ёнғин содир бўлгани ва уни ўчиришга икки соат вақт кетгани, Фарғонада эса автомобиль «запчаст» бозорида ёнғин содир бўлгани ҳамда Андижонда юз берган ёнғинда бир оиланинг уч фарзанди ёниб кетгани ҳақида хабар қилинганди.