Тошкент вилоятида «свет» кўп ўчишидан норози аёл электр монтёрига пичоқ билан таҳдид қилди (видео)
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонасининг диспечерлик пунктида бир гуруҳ аҳоли электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норозилик билдирган вақтда 35 ёшли аёл шаҳар электр таъминоти корхонаси электр монтёрига қаршилик кўрсатиб, ўзидаги ошхона пичоғи билан уни ўлдириш билан қўрқитиб, таҳдид қилди
Қашқадарё вилоятида электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганлигидан норози бўлган бир гуруҳ фуқаролар электр таъминоти корхонасига бориб, жанжал кўтаргани, бир нафар аёл киши корхона ходимига пичоқ билан таҳдид қилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видеохабар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.
Аниқланишича, ушбу ҳодиса Қашқадарё вилоятида эмас, Тошкент вилоятида содир бўлган.
Хусусан, 2023 йилнинг 16 январь куни Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонасининг диспечерлик пунктида бир гуруҳ аҳоли электр энергияси таъминотида узилишлар бўлганидан норозилик билдирган вақтда 35 ёшли аёл (В.Н.) безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чораларини кўрган Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонаси электр монтёрига қаршилик кўрсатиб, ўзидаги ошхона пичоғи билан уни ўлдириш билан қўрқитиб, таҳдид қилган.
Мазкур ҳолат бўйича Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан В.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.