Тошкентдаги барча таълим муассасаларида ўқиш 23 январдан бошланади
Тошкент шаҳридаги таълим муассасалари — мактаблар, лицей ва коллежлар ҳамда олий таълим даргоҳларида ўқиш 23 январдан бошланади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа масъул ташкилотлар томонидан таълим объектларидаги ҳарорат белгиланган меъёрда бўлиши назоратга олинади.
9 январь куни Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетиши ҳақида хабар берилганди. Бунинг натижасида собиқ депутат Расул Кушербаев эса республикадаги барча таълим муассасаларидаги таътил муддатини узайтиришни таклиф қилганди.
Расул Кушербаевнинг таклифидан сўнг ижтимоий тармоқларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида қишки таътил муддати 23 январга қадар узайтирилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Кейинроқ Ўзбекистонга аномал совуқ об-ҳаво кириб келиши муносабати билан барча бўғиндаги таълим муассасаларида қишки таътил муддати 17 январга қадар узайтирилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини маълум қилганди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни билан ОТМ, техникум, коллеж, касб ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилган.
Андижон вилояти ҳокимлиги барча таълим муассасаларида, Фарғона вилоятидаги 12 та олий таълим муассасида, 76 та техникум, коллеж ва касб-ҳунар мактабларида, Хоразм вилояти эса мактабларда 11 январдан ўқиш бошланишини эълон қилди. Аномал совуқ кузатилиши айтилганига қарамай, таълим муассасаларидаги таътилларнинг бундай кутилмаганда бекор қилиниши ижтимоий тармоқлар фаолларининг кескин норозиликларига сабаб бўлди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим жараёнларига масъул ҳудудий идораларни мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида ўқиш жараёнларини кейинги ҳафтадан бошлаш масаласини кўриб чиқишга чақирганди. Шундан кейин республиканинг 5 та ҳудудида қишки таътил 18 январга қадар узайтирилди.