Жиззахда автобус ҳайдовчиси ухлаб қолиб, 7 та машина билан ЙТҲ содир этди — видео
Жиззах шаҳрида автобус ҳайдовчиси ухлаб қолиб, «заправка»да навбат кутиб турган 7 та машинага бориб урилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 17 январь куни соат 21:00 да Жиззах шаҳри Мустақиллик шоҳкўчасида Ankai русумли «Жиззах автотранс сервис» МЧЖга қарашли йўловчи ташувчи автобусни йўловчиларсиз бошқариб кетаётган ҳайдовчи А.Н. ҳаракат давомида чарчоқ аломати бўлиб, ухлаб қолган. Оқибатда у руль бошқарувини йўқотиб, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ўзи билан бир йўналишда олдинда навбат кутиб тўхтаб турган, ҳайдовчи Қ.А.га тегишли Damasʼнинг орқа қисмига урилган. Оқибатда Damas автомобили йўлнинг ўнг томон четига чиқиб ағдарилиб кетган ҳамда автобус ҳаркатини давом эттириб:
- ҳайдовчи Т.К.га тегишли Nexia-2;
- ҳайдовчи Т.У.га тегишли Nexia-2;
- ҳайдовчи З.Ш.га тегишли Cobalt;
- ҳайдовчи Х.А.га тегишли Nexia-3;
- ҳайдовчи У.С.га тегишли Nexia-2;
- ҳайдовчи Р.И.га тегишли бўлган Lacetti
русумли автомобилларга, жами 7 та транспорт воситаларига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
ЙТҲ оқибатида Damas автомобили ҳайдовчиси, А.Қ.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, амбулатор тартибда даволаниш учун яшаш манзилига юборилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.
Декабрь охирларида Андижон вилоятида 8 та машина, Тошкентда эса Cobalt, Spark ва Captiva иштирокида ЙТҲ содир бўлганди. Шунингдек, Сурхондарёда икки Nexia иштирокидаги ЙТҲда ҳайдовчи ва йўловчи ҳалок бўлгани, Тошкентда ЙТҲда ҳалок бўлган йигитнинг онаси терговчиларни қотилни яширишда айблагани, Наманганда Malibu ва «Жигули» иштирокидаги ЙТҲда ҳайдовчилардан бири вафот этгани тўғрисида хабар берилганди.