Жиззахда тиббиёт маркази 29 йиллик яроқсиз ускуналарни сотиб олгани аниқланди

Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан тиббиёт ускуналари харид қилишда қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хусусан, мазкур тиббиёт маркази 2021 йил 22 декабрдаги шартномага асосан «Э.М.С.» МЧЖдан 245,2 миллион сўмга 2021 йилда Германия давлатида ишлаб чиқарилган Aesculap моделдаги жарроҳлик ускуналарини харид қилиши белгиланган.

Товар етказиб берувчи МЧЖ томонидан 2021 йил 28 декабрдаги ҳисобварақ-фактурага кўра, ушбу моделдаги жарроҳлик ускуналари тиббиёт марказига етказилгани ҳақида ҳужжат расмийлаштирилган.

Бироқ ўрганишлар мобайнида шартномада қайд этилган жарроҳлик ускуналари аслида мавжуд эмаслиги, янги тиббий ускуна ўрнига эски — 1994 йилда Россияда ишлаб чиқарилган жарроҳлик ускуналари олиб келингани ҳамда улар яроқсиз ҳолатда экани аниқланди.

Тиббиёт марказининг масъул шифокор ва ходимлари ўз раҳбариятига ушбу тиббий ускуналар СанПиН талабларига жавоб бермаслиги ва бошқа ҳолатлар тўғрисида 2022 йил 19 февралда билдиришнома билан мурожаат қилинган бўлишига қарамай, раҳбарият томонидан ҳолат бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган материаллар агентлик томонидан қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилган.

Юқорида қайд этилган ва қўшимча бошқа ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, натижаси бўйича прокуратура органлари томонидан Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирги кунда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ собиқ Спорт вазирлигининг мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилганди. Улар бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаган.

Жумладан, 2019 йилда Италиянинг Педилуко шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган турнир ҳамда ўқув йиғини машғулотида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирокини таъминлаш учун давлат бюджетидан 334 миллион сўм, 20 680 евро ва 1500 доллар ажратилган. Бироқ ўрганишлар давомида ушбу халқаро тадбирлар учун сарфланган маблағларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Шунингдек, 2019 йилда Токио ва Пекин шаҳарларида синхрон сузиш бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда ушбу тадбирларга масъуллар 1015 доллар миқдорида ортиқча харажатга йўл қўйган.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан 2020 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан спорт жиҳозлари сотиб олиш учун «Машхим» МЧЖ, «Араббой спорт» ХК ва «Спорт жиҳоз люкс» ХКлари билан 45 та ҳолатда 15 миллиард сўмлик шартномалар тузилган. Ўрганишда 6 та шартнома бўйича сотиб олинган 2,9 миллиард сўмлик жиҳозларнинг фойдаланиш учун тарқатилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда коррупцияга қўл урган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмаслиги ҳақида хабар берилганди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри Ўзбекистонда энг коррупциялашган ҳудуд деб топилганди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисида келишувларга эришган, мамлакат коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти тасдиқланган, Сенатда соғлиқни сақлаш вазири ва Антикоррупция агентлиги раҳбари ўртасида тортишув юзага келган эди.

Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
Янгиликлар17:30 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Янгиликлар14:04 | 31.1.23
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Янгиликлар12:21 | 31.1.23
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
Янгиликлар11:48 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Янгиликлар11:36 | 31.1.23
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди
Янгиликлар11:20 | 31.1.23
Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди