Шавкат Мирзиёев Сингапурга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди

Шавкат Мирзиёев Сингапурга давлат ташрифи доирасида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири бўлган Сингапур миллий университети ҳузуридаги Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактабига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сингапурнинг биринчи бош вазири ва ушбу мамлакат «иқтисодий мўъжизаси» муаллифи Ли Куан Ю шарафига номланган мактаб давлат сиёсати ва халқаро муносабатлар соҳасида магистратура дастурлари асосида кадрлар тайёрлашга, илмий ва сиёсий тадқиқотлар ўтказишга ихтисослашган.

Шавкат Мирзиёев мактаб фаолияти билан батафсил танишиб, ўқув муассасаси раҳбарияти билан икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган.

Ўзбекистон Президенти ҳузурида Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси ва Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаш маросими бўлган.

Сўнг Шавкат Мирзиёев Сингапурнинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказган.

Тадбирда Сингапур меҳнат вазири – савдо ва саноат иккинчи вазири Ленг Си Танг, Сингапур бизнес федерацияси раиси Минг Ян Лим, ушбу мамлакатнинг Indorama, Meinhardt group, CPG Corporation, Changi Airports, Сингапур менеджментни ривожлантириш институти, TMC Academy, Virtus Health каби 15 та йирик компания раҳбарлари иштирок этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев учрашув иштирокчиларини қутлаб, унинг янги 2023 йилдаги илк ташрифи айнан Сингапурга бўлаётгани Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан мустаҳкам ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътиборидан далолат эканига эътибор қаратган.

Ўзбекистондаги тизимли ислоҳотлар туфайли инвестициялар ҳажми ЯИМнинг 30 фоизидан ортиқ даражага етган. 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистон иқтисодиётига 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган.

Куни кеча ўтган Ўзбекистон—Сингапур бизнес форумининг натижалари мамнуният билан қайд этилган: унинг доирасида умумий қиймати қарийб 5 миллиард долларлик янги инвестиция, савдо ва молиявий келишувлар имзоланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Бу ҳамкорлигимиз анча фаоллашганидан, муваффақиятли кечаётганидан, Ўзбекистон—Сингапур муносабатлари амалий ва сифатли мазмун билан бойиганидан далолат беради», — дейди Президент.

Лекин шериклик салоҳияти ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, мамлакатлар икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қодир.

«Сингапур компанияларининг илғор тажрибаси бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ишончим комилки, цингапурлик ҳамкорларнинг инновация ва технологиялари Ўзбекистоннинг ресурслари ва кадрлар салоҳиятига қўшилса, бўлажак қўшма лойиҳалар барқарор ривожланади», — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, шерикликни кенгайтириш юзасидан батафсил фикр алмашилган. Сингапур бизнеси вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолади, мамлакатда амалга оширилиши режалаштирилган аниқ лойиҳаларини тақдимот қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ишбилармонлар делегациясининг ҳар бир аъзоси билан суҳбатлашиб, давлат раҳбари тадбиркорларни яратилган қулай инвестиция муҳити билан шахсан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф қилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон томони мутасаддиларига тадбирда айтилган барча лойиҳаларни, уларни амалга оширишнинг босқичма-босқич механизмларини, аниқ муддат ва ижрочиларини киритган ҳолда тегишли Амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилган.

Шу билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга самарали давлат ташрифи якунига етган.

«Чанги» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Сингапурнинг расмий шахслари кузатиб қўйган ва Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 16-18 январь кунлари Сингапурга давлат ташрифи билан бориши ҳақида хабар берилганди. Кейинроқ Президент энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳволни инобатга олиб Сингапурга ташриф давомийлиги 3 кундан 1 кунга қисқартирилишини таъкидлаганди.

«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео
Янгиликлар17:22 | 28.1.23
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео