АҚШ Украинанинг Қримга зарбалар беришида ёрдам кўрсатиши мумкин — NYT
АҚШ президенти администрацияси Украинага Қримдаги нишонларга зарбалар бериш имкониятини тақдим этувчи масалалар бўйича позициясини секин-аста юмшатмоқда. Хусусан, Қўшма Штатлар Қрим кўпригига ҳужум қилиш имконини берувчи HIMARS реактив залп ўт очиш тизимлари ва Bradley зирҳли техникаларини юбориш имкониятини кўриб чиқяпти
АҚШ президенти администрацияси Украинага Қримдаги нишонларга зарбалар бериш имкониятини тақдим этувчи масалалар бўйича позициясини секин-аста юмшатмоқда, деб хабар беради The New York Times.
Қўшма Штатлар яриморол Россия томонидан аннексия қилинганидан бери, Қрим — Украина ҳудуди эканини таъкидлаб келмоқда. Аммо уруш бошланганидан буён АҚШ Киевга яриморолдаги нишонларга зарбаларни берувчи қуролларни тақдим этишдан бош тортиб келаётганди.
Нашрнинг ёзишича, президент администрациясидаги ҳарбийлар ва амалдорлар Украинанинг Қримга зарбалар бериши мақсадга мувофиқлигини шубҳа остига олган, чунки мамлакат қуролли кучлари учун фронтнинг бошқа қисмларида анча маъқул нишонлар мавжуд.
Эндиликда бу борадаги муносабат ўзгаргани айтилмоқда. Байден администрацияси Украина қўшинлари Россияга Қрим устидан назоратни йўқотиш хатарини ҳис қилдира олса, бу Киевнинг келажакдаги музокараларда позициясини мустаҳкамлайди деб ҳисобламоқда. Америкалик амалдор ва экспертлар Россия томонидан тактик ядровий қурол зарбасини бериш эҳтимоллиги камайганини, амму бундай сценарий ҳамон сақланиб қолаётганини таъкидламоқда.
Мақолада қайд этилишича, гап олдингидек Украинага Қримдаги нишонларга зарба бериш имкониятига эга узоқ масофага мўлжалланган ракеталарни тақдим этиш ҳақида кетмаяпти. Аммо яриморолдаги муҳим таъминот йўлларига, хусусан, Қрим кўпригига ҳужум қилиш имконини берувчи HIMARS реактив залп ўт очиш тизимлари ва Bradley зирҳли техникаларини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда.
8 октябрь куни Россиянинг Краснодар ўлкаси билан яриморолни боғлаб турувчи Қрим кўпригида портлаш содир бўлганди. Кўприкнинг автомобиллар қатнайдиган бир неча қисмига зарар етган. Россия томони мазкур воқеага Украина махсус хизматларини айблаган, Киев эса Қрим кўпригининг портлашида айбдор эканини расман тан олмагна.
Украина ҳукумати бир неча бор ўз мақсадларидан бири Қримни қайтариб олиш эканини таъкидлаган. Ўз навбатида Россия ҳукумати яриморолга зарбалар берилишига йўл қўймаслик учун мавжуд барча воситаларни қўллашга тайёрлигини маълум қилган.
Декабрь ойининг ўзида Оқ уй томонидан Украинага 275 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети эълон қилинганди. Ноябрь ойида Жо Байден Конгрессдан Украинани қўллаб-қувватлаш учун 37,7 миллиард доллар сўраган. Ноябрь ойида шунингдек, 400 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети эълон қилинганди. Ҳарбий ёрдам таркибидан Avenger ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Stinger ракеталари, шунингдек, Hawk мудофаа тизимлари учун ракеталар ўрин олган.
Октябрь ойида Жо Байден яна 725 миллион долларлик ҳарбий ёрдам эълон қилган бўлиб, ёрдамдан HIMARS учун ўқ дорилар, 23 минг артиллерия снаряди ўрин олганди. Сентябрь ойи охирида АҚШ Сенати Украина учун қўшимча 12,4 миллиард долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллаганди. Сентябрь ойида шунингдек, Украинага қўшимча 1,1 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакети тайёрланаётгани хабар қилинган. 2022 йилнинг Ноябрь ойига келиб, АҚШ Украинага жами 20 миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам жўнатгани маълум бўлган.