Ўзбекистонда энди ҳар йили аномал совуқ кузатилиши одатий ҳолга айланадими?
Telegramʼдаги «Гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари, тадқиқотлар, маърузалар» канали муаллифи Эркин Абдулаҳатов Ўзбекистонда энди ҳар йили аномал совуқ кузатилиши одатий ҳолга айланадими, деган саволга жавоб берди.

«Охирги 6 йилликни таҳлил қиладиган бўлсак, бунақа совуқнинг кириб келиши жуда ҳам кам ҳолатларда кузатилган. Бу [аномал совуқ — таҳр.] тўсатдан кириб келиши омили бўлиши мумкин, лекин давомли эмас. Бир ойлик ёки 45 кунлик совуқлар эҳтимоли кам», — дейди мутахассис.
Шунингдек, Эркин Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, сўнгги йиллардаги антициклонларнинг марказий қисми Қозоғистон ҳудудларидан ўтган бўлса, бу йил совуқ антициклонлар Тошкент вилоятига яқин ҳудудлардан ўтган.
Ўзбекистон ҳудудига 9 январь куни Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетди. Шундан кейин аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида ҳам навбатдан ташқари таътил эълон қилинди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати барча фуқароларни бунга чора кўришга чақирди. Қайд этилишича, барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқиши керак. Меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаши зарур.
Аномал совуқ пайтида ҳам электр энергиясида чекловлар киритилди, Энергетика вазирлиги аномал совуқ туфайли саноат корхоналарига газ етказиб беришни камайтирди, совуқ Тошкентдаги автобуслар фаолиятига таъсир кўрсатди. 15 январдан Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизидан илиқ ҳаво кириб келишни бошлади.