Ўзбекистонда газ «заправка»лар қачондан одатий иш тартибига ўтиши маълум қилинди
Ҳудудлардаги айрим газ «заправка»ларда таниш-билишчилик қилинаётгани ҳамда баъзи автотранспортларга метан газ тўлдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Ўзтрансгаз» АЖ мазкур ҳолатларга муносабат билдириб, АГТКШлар фаолияти қачондан тикланишига ҳам аниқлик киритди
Ҳудудлардаги айрим газ «заправка»ларда таниш-билишчилик қилинаётгани ҳамда баъзи автотранспортларга метан газ тўлдирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Ўзтрансгаз» АЖ мазкур ҳолатларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда об-ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида табиий газнинг истеъмол ҳажми кескин ошиб бориши кузатилмоқда. Бундай ҳолатда аҳоли, ижтимоий аҳамиятга молик объектлар ва қозонхоналарни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида республикадаги мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай улгуржи истеъмолчилар, хусусан, АГТКШларга табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.
«Аммо ҳар бир вилоят ҳокимликлари билан келишилган ҳолда айрим АГТКШлар куннинг маълум вақтида 1 соатдан 3 соатгача оралиқда уй-жой мулкдорлари ширкатлари, электр таъминоти корхоналари, ободонлаштириш бошқармалари, аҳолига пропан тўлдирилган газ балонлар етказиб берувчи ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига хизмат кўрсатмоқда. Об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, Республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлашини маълум қиламиз», дейилади баёнотда.
Декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳарнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилмоқда — коммунал хизматлар мавжуд газ заҳирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаяпти.
Мавзуга доир: Бухорода газ «заправка»лар фаолиятига чеклов ўрнатилди
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Сурхондарёдаги газ «заправкалар»га чекловлар жорий этилгани, Фарғона водийсида автомобилларга газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти қисқартирилгани ҳамда давлат ташкилотлари машиналарига метан газ қуйиш тақиқлангани ҳақида хабар берилганди.