«Шукроналик ҳисси билан яшаш совуқ кунларнинг ҳароратини иссиқ қалблар билан енгиб ўтишга ёрдам беради» — Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги
Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, туман нуронийлари бугунги синовли кунлардан ҳамжиҳатликда ўтиб олиш лозимлиги тўғрисида маҳаллаларда «Шукроналик» тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Бу ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани нуронийлари бугунги синовли кунлардан ҳамжиҳатликда ўтиб олиш лозимлиги тўғрисида маҳаллаларда «Шукроналик» тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Биз бунақа қийинчиликларни жуда кўп йиллар кўрганмиз. Ёшимиз 73 га кирган бўлса, 1966 йилги зилзилани, 1968 йилги жуда катта совуқларни, қирларда қорамолларимиз қирилиб кетганини кўрганмиз. 1987 йилдаги жуда катта совуқларни ҳам бошимиздан ўтказганмиз. 2020 йилдаги жуда катта карантинни ҳам кўрдик. Буларнинг ҳаммасини Аллоҳнинг инсонга берган синови деб биламиз. Худо хоҳласа, бу кунлар ҳам ўтиб кетади, сабр-тоқат, шукроналик билан ҳаммасига эришамиз», — дейди нуронийлардан бири.
Шунингдек, фуқаролардан бири инсонларга меҳр бериш кераклиги таъкидлаб, туман ҳокимлиги бепул кўмир тарқатаётгани, баъзи жойларда иссиқхоналар ташкил этилганини эътироф этган.
«Ҳозирги синовли кунларда, ноқулай об-ҳаво шароитида шукроналик ҳисси билан, янада бирдамликда яшаш совуқ кунларнинг ҳароратини иссиқ қалблар билан енгиб ўтишга ёрдам беради. Шукроналик борасида ҳаёт синовларининг паст-баландидан ўтиб, тажриба тўплаган кексаларнинг насиҳатлари киши дилига ҳузур бағишлайди», дейилади ҳокимлик хабарида.
Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимли матбуот хизмати томонидан эълон қилинган мазкур видеомурожаат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, баъзилар «одамларга шукроналик ҳиссини тилагунча ўзингни функциянгни бажариб қўй, свет, газни маромида бериб кейин бу гапларни гапирсанг ярашади» деяётган бўлса, айримлар «Қачон шукр қиласан, банда?!», дея сарказмли изоҳлар қолдирмоқда.



Аввалроқ Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг 8-кичик туманида жойлашган «Ҳумо» маҳалласи аҳолиси 16 январь куни электр энергияси таъминоти узилганига анча бўлгани боис автомобиль йўлини ёпиб қўйганди. Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, шу куни кечга бориб маҳаллага шаҳар ҳокими Даврон Хидоятов бошчилигидаги бригада етиб борган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода Даврон Хидоятов аҳолидан кечирим сўраб, аномал совуқ боис электр энергияси истеъмоли ортиб кетгани ва кўплаб жойларда авариялар юз бераётганини таъкидлаган.
Мавзуга доир: Энергетика вазирлиги корхона ва ташкилотлар ходимларини онлайн иш режимига ўтказишга чақирди
Эслатиб ўтамиз, қиш мавсумига тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилганди. Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилди ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдураҳмонов лавозимидан озод этилган.