Буюк Британия молиявий институтлари Ўзбекистонда темир йўл транспортини ривожлантиришга жалб этилади
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлатонни қабул қилди. Бу ҳақда ИССВ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳаларда қўшма лойиҳа ва келишувларни амалга ошириш, Ўзбекистон—Буюк Британия ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Ўзаро савдода ижобий динамика қайд этилган. 2022 йил давомида товар айирбошлаш ҳажми қарийб 15 фоизга ошиб, 203,2 миллион долларни ташкил этган. Кўрсаткичларни, жумладан, Буюк Британияга экспортни диверсификация қилиш ва Буюк Британиянинг Кенгайтирилган умумий имтиёзлар тизими (GSP Enhanced Framework) бенефициарининг барча имкониятларидан фойдаланиш орқали ошириш бўйича келишувга эришилган. Масалан, мазкур тизим доирасида 2022 йилда Ўзбекистон маҳсулотларини Буюк Британияга етказиб бериш 30 фоизга ошган.
Инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинган. Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Британия капитали иштирокидаги корхоналар сони 50 фоиздан ортиқ ўсиб, 331 тага етган. Улар иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда.

Томонлар Standard Chartered ва UK Export Finance молиявий институтларини тоғ-кон ва металлургия саноатидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, темирйўл транспортини ривожлантиришга жалб этиш имкониятларини муҳокама қилган.
Учрашувда ўтган йил охирида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон—Буюк Британия кенгаши (UBTIC) йиғилиши якунлари юқори баҳоланган. Унинг доирасида турли соҳа ва йўналишларда, жумладан, банк сектори ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 8 та икки томонлама ҳужжат имзоланган. Шу нуқтаи назардан, томонлар 2023 йилнинг иккинчи ярмида Лондонда UBTIC’нинг юқори даражадаги учрашувини ўтказишга тайёргарлик кўришда яқин ҳамкорликни давом эттириш ниятини тасдиқлаган.
Аввалроқ Лазиз Қудратов Ўзбекистон—Сингапур бизнес форумида яқин 10 йил ичида мамлакатнинг экспорт ҳажми 30 миллиард долларга етишини маълум қилганди. Қудратовнинг сўзларига кўра, қулай инвестициявий муҳит яратишга қаратилган ислоҳотлар натижасида ўтган йили Ўзбекистон иқтисодиёти 5 фоизга ўсган. 2023 йилда мамлакат иқтисодиёти ўсишда давом этади ва 5 фоиздан ошади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон энергетика соҳасига кейинги 8 йил ичида 18 миллиард доллар сармоя кераклиги, айрим вилоятлар инфратузилмаси учун 120 миллиард сўм ажратилиши тўғрисида хабар берилганди. 2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда 48 триллион сўмлик хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган. Шунингдек, мамлакатда Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш тартиби такомиллаштирилиши тўғрисида хабар берилганди.
