Ўзбекистонда 2023 йилда 10 та микро ГЭС ишга туширилади, яна 50 тасини қуриш бошланади

Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни энергия таъминотини яхшилаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди ҳамда гидроэнергетика тармоғидаги режалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистонда энергетика тизимини ривожлантиришда барча манбалардан фойдаланилмоқда. Мавжуд қувватларни мустаҳкамлаш билан бирга қуёш, шамол ва гидро электр иншоотлари барпо этилмоқда.

Хусусан, сўнгги йилларда гидроэнергетика йўналишида 500 миллион долларлик 27 та лойиҳа амалга оширилиб, қўшимча 260 мегаваттли қувватлар яратилган. «Ўзбекгидроэнерго» тизимидаги станцияларнинг умумий қуввати 2 минг мегаваттдан ошган. Бу – йилига 2 миллиард куб метр табиий газ тежалмоқда, дегани.

2023 йилда 197 мегаваттли 7 та лойиҳа ва 10 та микро гидроэлектр станция ишга туширилиши режалаштирилган. Яна 438 мегаваттли 8 та истиқболли лойиҳа ва 50 та микро ГЭС қуриш бўйича ишлар бошланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари гидроэнергетикада салоҳият юқорилигини таъкидлаб, қувватларни кескин ошириш бўйича кўрсатмалар берган. Бу борада микро гидроэлектр станциялар қуриш мумкин бўлган 250 та майдон аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида бу иншоотларда йилига 675 миллион киловатт-соат электр энергиясини ишлаб чиқариб, 200 миллион куб метр газни тежаш мумкин.

«Микро ГЭСлардан электр энергиясини юқори нархларда сотиб олиш йўлга қўйилгач, соҳага тадбиркорлар қизиқиши ортди. Гидроэнергетика иншоотлари атрофидаги бўш майдонларда шамол ва қуёшга мослашган гибрид станциялар қуриш бўйича топшириқ берилди. У ерларда тайёр инфратузилма борлиги ҳисобига харажатлар кам бўлади», — дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари соҳада маҳаллийлаштириш масаласига ҳам тўхталган. «Сувсаноатмаш» акциядорлик жамиятида микро ГЭС ускуналари, Тошкент вилоятида гидроагрегатлар ишлаб чиқариш бўйича топшириқ берилган.

Шунингдек, сув омборларини бошқаришни рақамлаштириш, кадрлар малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилган.

Йиғилишда аҳолини энергия билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинган. Президент мавжуд барча захираларни ишга солиш, янги ва истиқболдаги лойиҳаларни муддатидан кечиктирмаган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Энергия танқислиги шароитида кунлик ишлаб чиқаришни кўпайтириш, ресурсларни адолатли ва самарали тақсимлаб, жойларга изчил етказиб бериш, узилишларни тезкор бартараф этиш вазифалари белгиланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ҳузурида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилганди. Йиғилишда давлат раҳбари вазиятни ўнглаш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар берган. Шунингдек, қиш мавсумига тайёргарлик кўрмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилганди. Шунингдек, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Учтепа туманлари ҳокимларига «ҳайфсан» берилди ҳамда «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти раиси Ф.Абдурахмонов лавозимидан озод этилган.

Президент ҳокимнинг лавозимдан олинишини «оёғидан ердан узилгани» билан изоҳлаган. «Шу боис вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевни ишдан олдим. Кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон ‘сводка’ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун ишдан олдим», — деган Президент.

Қорақалпоғистонда бир кўп қаватли уйда яна портлаш содир бўлди
Янгиликлар18:23 | 31.1.23
Қорақалпоғистонда бир кўп қаватли уйда яна портлаш содир бўлди
Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
Янгиликлар17:30 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Янгиликлар14:04 | 31.1.23
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Янгиликлар12:21 | 31.1.23
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
Янгиликлар11:48 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Янгиликлар11:36 | 31.1.23
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди