Биржада манфаатлар тўқнашувини аниқловчи тизим жорий этилди
Давлат харидлари тизимининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш мақсадида Отовар-хом ашё биржасининг давлат харидлари бўйича электрон савдо тизимида манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш механизми жорий этилди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, янги тизим ёрдамида харид комиссиясининг аъзолари ва харид иштирокчилари ўртасидаги аффилланганлик хусусиятлари ҳамда етказиб берувчилар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари электрон тизим томонидан автоматик тарзда аниқланади.
Натижада мазкур ҳолатлар аниқланса, электрон тизим харид комиссиясининг аъзосини овоз беришдан ва етказиб берувчини эса электрон савдолардан четлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтнинг ўзида уларни биржа тизимида аккредитациядан ўтказиш тартиби жорий этилиши, Ўзбекистонда фермерлар 2022 йил буғдой ҳосили учун биржа тўловларидан озод қилиниши хамда Шавкат Мирзиёев «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунни имзолагани ҳақида хабар берилганди.